Гондурас президенти ва мамлакат полицияси собиқ бошлиғи наркотик моддалар савдосига алоқадорликда айбланмоқда
АҚШ ҳукумати Гондурас Миллий полицияси собиқ бошлиғи Хуан Карлос Бонилья Вальядаресни наркотик моддалар савдосига аралашганликда айбламоқда. Бу хабарни Нью-Йорк шаҳри прокуратураси маълум қилган.
АҚШ ҳукумати Гондурас Миллий полицияси собиқ бошлиғи Хуан Карлос Бонилья Вальядаресни наркотик моддалар савдосига аралашганликда айбламоқда. Бу хабарни Нью-Йорк шаҳри прокуратураси маълум қилган.
"Йўлбарс" лақаби билан машҳур бўлган Бонилья мамлакат полициясини 2012-2016 йилларда бошқарган.
"Хуан Карлос Бонилья Вальядарес, тахмин қилинишича, Гондурас ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилган пайтида ўз лавозим мажбуриятларини суистеъмол қилган, аниқроғи, наркотик моддалар контрабандаси бўйича жиноятчилик ҳамжамиятида асосий фигуралардан бири бўлган… Энди Бонилья Вальядарес "қора рўйхат"га киритилди ва кўплаб жиноятларда айбланмоқда. Унги АҚШда бир умрлик қамоқ жазоси хавф солиб турибди", - дейилади Нью-Йорк Жанубий округи прокурори Жеффри Берманнинг баёнотида.
Прокурорнинг сўзларига қараганда, Бонилья АҚШга тонналаб миқдорда кокаин етказиб берилишини назорат қилган. Бу ишларни амалга ошириш учун пулемётлар ва бошқа ўқ отар қуроллардан фойдаланган. Шунингдек, зўравонликнинг энг оғир шаклларига мурожаат қилган, жумладан рақобатчи наркосавдогарларни ўлдиришгача борган.
Ҳозир Сальвадорда яшаб турган Бонилья эса маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Гондурас президентининг укаси, конгрессмен Хуан Антонио Эрнандесга қарши олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида ўзига нисбатан қўйилаётган айбловларни инкор этди.
Тони номи билан довруғ қозонган Хуан Антонио Эрнандес 2018 йили Майами аэропортида ҳибсга олинганди. 2019 йилнинг октябрида АҚШ суди жиноятчини унга нисбатан қўйилган барча тўртта банд, жумладан наркотик моддалар ноқонуний айланмаси бўйича ҳам айбдор деб топди. Гондурас президенти Хуан Орландо Эрнандес мазкур ишда укасининг шериги сифатида қайд этилган. Нью-Йорк штати Жанубий округи Федерал прокуратураси мамлакат раҳбари наркотик моддалар ноқонуний айланмасига алоқадор, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда прокуратура сайтида эълон қилинган ҳужжатда айтилган. Баёнотда Президент наркомафия хўжайинларининг ҳомийси бўлиши мумкинлигига шама қилинган. Ҳозирча унга расман айблов эълон қилинмаган.
Ўз навбатида Гондурас президенти Хуан Орландо Эрнандес идораси давлат раҳбарининг наркотик савдосига дахлдорлиги ҳақида Америка прокуратураси берган ахборотни "юз фоиз ёлғон" деб атади.
"Гондурас президентининг номи Миллий полиция собиқ бошлиғига қарши қўзғатилган жиноят ишида қайд этилгани 100 фоиз ёлғон маълумот. Очиқ манбалардан маълум бўлган фактлар наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчилар берган кўрсатмалар ишончсиз эканини яна бир исботлайди", - дейилади коммюникеда.