“Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2024” танловининг Тошкент вилоят босқичи якунланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юқори малакали давлат мактабгача таълим ташкилотлари методист-тарбиячи ва тарбиячиларини аниқлаш, рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 35 нафар иштирокчи ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказди.
Иштирокчилар тест топшириқлари, видеоролик тайёрлаш, семинар, очиқ машғулот тақдимоти шартларида қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати уларни белгиланган талаблар асосида баҳолаб борди. Якуний натижага кўра, Паркент туманидан Лола Тўлаева “Йилнинг энг фидокор тарбиячиси” дея эътироф этилди.
Шунингдек, Қибрай тумани, Олмалиқ, Янгийўл ва Бекобод шаҳарларидаги давлат мактабгача таълим муассасаларининг 6 нафар тарбиячиси турли номинацияларда ғолиб бўлиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Таъкидлаш лозимки, айни кунларда барча мактабгача таълим ташкилотларида ёзги соғломлаштириш майдончалари фаол иш олиб бормоқда ва бу жараёнда тарбиячиларнинг ўрни катта, албатта.
А.Мусаев,ЎзА.