Андижон вилояти Балиқчи тумани марказий ахборот ресурс марказида “Ёш китобхон” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, маҳалла ёшлари ўртасида ушбу анъанани кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган танловнинг туман босқичида қуйи босқичларда ғолибликни қўлга киритган ёш китобхонлар иштирок этди.

Танловда 10-14 ёш, 15-19 ёш ҳамда 20-30 ёш тоифаларида 36 нафар ёш китобхон “Тезкор савол-жавоб”, “Бадиий асарлар билимдони” шартлари асосида ўз билим, иқтидор ва салоҳиятини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра, 10-14 ёш тоифасида Сиза маҳалласи вакили Мубина Адҳамова, 15-19 ёш тоифасида Жасорат маҳалласи вакили Мубина Жўраева, 20-30 ёш тоифасида эса Каттаариқ маҳалласи вакили Мавлудахон Ҳасанова энг юқори балл тўплаб, ғолибликни қўлга киритди.

Ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Ушбу ютуғим мени янада руҳлантиради, қолаверса, зиммамга улкан масъулият юклайди, – дейди танлов ғолибларидан бири Мавлудахон Ҳасанова. – Энди танловнинг вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.

Танловнинг барча ёш тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Ёш китобхон” танлови юқори кўтаринкилик билан ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари