French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғолиблар вилоят босқичига йўлланма олди
14:11 / 2025-03-17

Андижон шаҳрида “Ёш қутқарувчи – 2025” республика мусобақасининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Андижон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, уларни қутқарувчи касбига қизиқтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигига оид билим ва малакаларини бойитиш, фавқулодда вазиятлар юз берганда тўғри ҳаракатланишга ўргатиш мақсадида умумтаълим ва профессионал таълим мактаблари ўқувчилари кўнгилли клублари ўртасида танлов ўтказилди. Унда сектор босқичларида ғолиб бўлган 8 та умумтаълим ҳамда профессионал таълим тизими муассасалари жамоаси иштирок этди. 

Танлов доирасида иштирокчи жамоалар томонидан ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасаларида фавқулодда вазиятлар юзага келганида ҳаракатланиш, ёнғинларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларига оид фотосуратлар, альбомлар кўргазмаси ташкил этилди. 

Жамоалар бешта – фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазасига оид савол-жавоб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, махсус арқон ва асбоб-анжомлар ёрдамида дарёни кесиб ўтиш, палатка тиклаш, баландликка кўтарилиш ва эстафета югуриш шартлари асосида ўзларининг билим, маҳорат ҳамда тезкорликларини намойиш этди. 

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, профессионал таълим мактаблари жамоалари ўртасида Андижон шаҳар 1- сон ҳарбий лицейи, умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида Андижон шаҳар 3-умумтаълим мактаби жамоалари биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.