Бухорода Ёнғин-қутқарув амалий спорти бўйича анъанавий “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биринчилиги” мусобақаларининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Ҳарбийлаштирилган қисмлар шахсий таркибининг шошилинч вазиятларда тез ва оқилона ҳаракат қилиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қиладиган бу спорт турнирида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан 19 нафар эркаклар ва 15 нафар аёллар терма жамоаларида жам бўлган 300 дан зиёд спортчи иштирок этди.
Мусобақалар вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бухоро минтақавий футбол академияси, Бухоро давлат университети спорт майдонларида ташкил қилинди.
Республика турнирида муваффақиятли иштирок этган терма жамоалар ҳамда шахсий биринчиликда ўз маҳоратини намойиш этган ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Юз метр масофага эстафета усулида югуриш, ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасига кўтарилиш, жанговар ёйилиш каби тезкор шартлар бўйича спортчилар ва жамоалар номи эълон қилинди. Яккалик жамоавий баҳсларда тезкор ҳаракатланиши ва касбий маҳоратини намойиш этган спортчилар ва жамоалар фахрий ёрлиқ, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
[gallery-22905]
Маросимда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, республика Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Санжар Зуфаров иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.