Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, мусобақада ғолиб бўлган жамоа ва уларнинг мураббийларини муборакбод этди.
Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қаторида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ёшларга яратилган кенг имкониятлар бугунги кунда улар орасидан салоҳиятли, юртимиз равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшадиган, мамлакатимиз байроғини дунёга танитадиган спортчиларнинг етишиб чиқишига асос бўлмоқда. Маҳаллалардан бошланган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақалари шаҳар ва туман босқичларида давом этиб, ўзида 40 минг нафардан ортиқ ёшни қамраб олди.
Мусобақа якунида футбол бўйича Амударё тумани “Тўлқин” овул фуқаролар йиғини, мини футбол бўйича ўғил болалар ўртасида Нукус туманидаги “Шортанбай” овул фуқаролар йиғини, қизлар ўртасида Амударё тумани “Халимбег” овул фуқаролар йиғини жамоалари ғолиб бўлди.
Ғолиб жамоалар кубок, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.