Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Етакчилар онги ва қалбида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” ғоясини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда интеллектуал ва профессионал салоҳиятни ривожлантириш мақсадида танлов ташкил этилди.

Ушбу танлов етакчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ташаббускорлик ва етакчилик фазилатларини янада ошириш, шахсий намунаси билан ёшларга ибрат бўлаётган фаолларни рағбатлантириш, шунингдек, юқори билим ва касбий маҳоратга эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш ва кадрлар захирасини шакллантиришни ҳам кўзда тутади.

Танловда ёшлар етакчилари Низомда белгиланган 10 та йўналиш бўйича ўзаро беллашди.
Танлов иштирокчилари барча йўналишлар бўйича амалга оширган ишларини кўрсатиб берувчи тегишли маълумотлар, альбом ҳамда видеороликлар орқали намойиш қилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган саволларга жавоб берди.

Танлов давомида ёшларнинг лидерлик кўникмалари, маҳалла ҳаётига қўшаётган амалий ҳиссаси ва инновацион ғоялари ҳамда ташаббуслари асосий мезон сифатида баҳоланди.

Танлов якунида ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар аниқланиб, улар муносиб тақдирланди ҳамда республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири