Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Андижон филиалида “Рақамли авлод қизлари” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Рақамли технологиялар ва контент яратиш билан боғлиқ замонавий касбларни эгаллашга қизиқиши юқори бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва саралаб олиш мақсадида ўтказилаётган танлов очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Исмоил Мирзаев сўзга чиқди.

У мамлакатимизда ёшлар, хусусан, қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг рақамли технологиялар соҳасидаги билимларини бойитиш ва мазкур йўналишда билим олаётган қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у юксак интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар юртимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори эканини қайд этди ва танлов иштирокчиларига омад тилади.
Вилоят босқичида танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16-20 ёш тоифасида 76 нафар ўқувчи қиз, 21-30 ёш тоифасида 6 нафар иштирокчи ўзининг инновацион лойиҳа ва дастурлари билан қатнашди.

Танлов иштирокчиларининг тақдим этган лойиҳалари, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари малакали мутахассислар томонидан баҳолаб борилди.


Якунда ҳар иккала ёш тоифаси бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари