Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғолиблар Республика босқичида беллашади
14:30 / 2025-12-02

Бухорода Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси томонидан “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Вилоятдаги 516 та маҳалланинг саралаш босқичидан ўтиб, шаҳар-туманларда ғолибликни қўлга киритган энг муносиб номзодлар Республика босқичига йўлланма учун беллашди.

Танлов оддий беллашув эмас, балки ҳақиқий маҳорат ва ўзаро тажриба майдонига айланди. Баҳс-мунозаралар, фикрлар тўқнашуви, ҳаяжон барчаси ҳакамлар ҳайъати учун ижобий маънода қийин вазият яратди. Чунки ҳар бир иштирокчи ўз тақдимотини пухта тайёргарлик билан, ўзига хос услубда намойиш этди. 

Маҳаллалардаги обод хонадонлар, кўкаламзорлаштирилган кўчалар, аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жипслик, маҳалла раисларининг амалий ишлари барчаси махсус фото ва видео материаллар орқали тақдим этилди.

Танловнинг якуний палласи эса янада ҳаяжонли кечди. Чунки танланган номзодлар энди Республика босқичида Бухоро шарафини ҳимоя қилади. 

Якуний натижаларга кўра, “Обод хонадон” номинациясида 1-ўрин Когон тумани, “Ўба чўли” маҳалласида истиқомат қилувчи Шуҳрат Шукуров хонадонига насиб этди. “Обод кўча” номинациясида Қоровулбозор тумани, “Имом Бухорий” маҳалла фуқаролар йиғини, Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси вилоятдаги энг обод кўча деб топилди. “Обод маҳалла” номинацияси бўйича Когон тумани, Ўзбекистон маҳалласи ғолиблар қаторидан жой олди. 

Шу билан бирга, танловда 2-3-ўринни қўлга киритган номзодлар ва фаол иштирокчилар ҳам қатор номинациялар бўйича тақдирланди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.