Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшлар ва қонун” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетини шакллантириш, қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида 14-18 ҳамда 18-30 ёш тоифаларида ўтказилган танловда унинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди.
Иштирокчи жамоалар “Ҳуқуқий пенальти”, “Сардорлар беллашуви”, “Конституция билимдонлари”, “Менинг қонунчилик ташаббусим” сингари белгиланган тўртта шарт асосида ўзларининг ҳуқуқий билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
Жамоаларнинг чиқишлари суд, адлия, ички ишлар, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вилоят бошқармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
[gallery-24629]
Танловнинг якуний натижаларига кўра, 14-18 ёш тоифасидаги иштирокчилар ўртасида Қўрғонтепа туманининг “Адолат”, 18-30 ёш тоифасидаги иштирокчилар ўртасида эса Избоскан туманининг “Ёш сиёсатчи” жамоалари 1- ўринни эгаллади. Улар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари