Ёшлар ўртасида волейболни оммалаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда иқтидорли спортчиларни аниқлаш мақсадида юртимиз бўйлаб турли мусобақалар мунтазам ташкил этилмоқда.
Наманганда 2010 йили туғилган ўсмирлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада вилоятдаги 14 та туман ва шаҳардан 9-синф ўқувчилари орасидан 200 нафарга яқин ўғил-қиз иштирок этди.

Қизғин баҳслар остида бўлиб ўтган мусобақалар натижасига кўра ўғил болалар жамоалари 1-ўрин – Тўрақўрғон тумани мактаб ўқувчиларига, 2-ўрин – Янгиқўрғон тумани мактаб ўқувчиларига ва 3-ўрин – Норин тумани мактаб ўқувчиларига насиб этди.

Қизлар жамоалари бўйича 1-ўринни – Янгиқўрғон тумани мактаб ўқувчилари, 2-ўринни – Уйчи тумани мактаб ўқувчилари, 3-ўринни – Наманган тумани мактаб ўқувчилари қўлга киритди. Ушбу натижалар вилоятдаги волейбол мураббийларининг самарали меҳнати ва спортчиларнинг пухта тайёргарлигидан далолат беради.

Мусобақа якунида Наманган вилояти Волейбол федерацияси ҳамда вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Навбатдаги босқичда 13–14 ёш тоифасидаги ўғил-қизлар ўртасида “Президент олимпиадаси” вилоят биринчилигига саралов мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган.
Н.Раҳмонова, ЎзА.