Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида трамплин акробатик йўлакчасида сакраш бўйича ёшлар ва катталар ўртасида мамлакат кубоги баҳсларига мезбонлик қилди.
Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан келган 60 дан зиёд атлетлар ғолиблик учун ўз маҳоратини ишга солди.


Чемпионатнинг тантанали очилишида ёш авлод ўртасида Олимпия ўйинлари дастурига ушбу спорт турини оммалаштириш, иқтидор соҳибларини аниқлаш ва уларни халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга тайёрлашда бу каби мусобақаларнинг аҳамияти катта эканлиги таъкидланди. Қолаверса, мазкур чемпионат ўйинлари нафақат спортчилар учун ўз салоҳиятини синовдан ўтказиш имконини беради, балки ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшади.


Дастур йўналишларида моҳирлиги ва чаққонлиги билан ажралиб турган Наманган вилояти жамоаси умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритди. Тошкент шаҳри спортчилари фахрли иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Яна бир кучли учинчи ўрин эса Фарғона вилояти вакилларига насиб қилди.
Ғолиб ва совриндор спортчилар ташкилотчилар томонидан диплом, медал ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА.