Сирдарё туманидаги Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғи спорт мажмуасида 30 август куни “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг енгил атлетика йўналиши бўйича ҳудудий босқич беллашувлари бўлиб ўтди.
Беллашувларда баландлик ва узунликка сакраш, уч ҳатлаб сакраш, найза улоқтириш, ядро ва босқон улоқтириш, ғов ва тўсиқлар оша югуриш каби турлар бўйича баҳслар ташкил этилди. Мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жами 200 нафарга яқин ёш спортчилар ғолиблик учун ўзаро куч синашишди.


Ёш атлетлар мусобақа давомида ўз иқтидор ва маҳоратларини намоён этиб, бир қатор юқори натижаларни қайд этишди. Томошабинлар учун қизиқарли ва жўшқин беллашувлар ҳақиқий спорт муҳитини яратди.

Тадбир якунида ўз йўналишларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар вилоят ҳокимлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


Энг қувонарлиси, мусобақада энг яхши натижа кўрсатган 9 нафар ўғил ва 9 нафар қиз бола “Президент олимпиадаси”нинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу уларга катта спортда янги марраларни забт этиш ва мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА