Математика фани бўйича анъанавий ўтказиб келинаётган IRN олимпиадасида Бухоро вилояти Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси Муҳаммадали Расулов фахрли 1-ўринни қўлга киритди. У нафақат олтин медаль, балки “Nexia-3” автомобили билан ҳам тақдирланди.
Шу муносабат билан Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернатида тантанали тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда олимпиада ташкилотчилари, мактаб-интернат педагоглари ва ўқувчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Унда туман ҳокими Хуршид Тохиров сўзга чиқиб, мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан таълим тизимига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Муҳаммадали Расуловнинг ўқитувчиси ва мактаб-интернати директори алоҳида эътироф етилиб, уларга ташаккурнома ҳамда 10 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди. Маросимда устозлар ҳамда олимпиада ташкилотчиларига миллий тўн кийдирилиб, ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва таълим беришдаги фидокорона меҳнати эътироф этилди.


Бундан ташқари, 2-3 ўринларни эгаллаган мактаб-интернат ўқувчилари ҳам сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчиларнинг ютуқлари нафақат уларнинг меҳнати, балки устозлари ва ота-оналарининг қўллаб-қувватлаши самараси экани таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.