Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғолиб жамоалар тақдирланди
23:53 / 2024-05-01

Наманганда “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клуби жамоалари ўртасидаги Республика спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада вилоятнинг шаҳар, туманларида ташкил этилган ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган касб-ҳунар ҳамда мактаб таълими масканларининг 28 та жамоаси ўзаро куч синашди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят Соғлиқни сақлаш, Спорт, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари ҳамкорлигида уюштирилган мусобақада иштирокчиларнинг билим ва маҳорати фуқаро муҳофазаси ва ҳаёт хавфсизлиги асослари бўйича савол-жавоб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шартли дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, ёнғинни ўчириш эстафетаси каби шартлар асосида баҳоланди.  

Якуний натижаларига кўра, халқ таълими муассасалари ўртасида Чортоқ туманидаги 54-сонли мактабнинг “Халоскор” жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Касб-ҳунар таълими ўқув юртлари ўртасида эса Поп туманидаги 3-сонли касб-ҳунар мактабининг “Қалқон” жамоаси энг яхши натижани қайд этиб, мусобақанинг финал босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлди. “Ёш қутқарувчи” беллашувларида фаоллик кўрсатган ғолиб жамоалар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири