Буюк давлат арбоби, шоир ва қомусий олим, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд куни муносабати билан февраль ойи Андижон вилоятида Бобур ойлиги деб эълон қилинган. Ойлик доирасида меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида Бобур ҳаёти ва ижодий меросини тарғиб этишга қаратилган адабий, маънавий-маърифий, спорт мусобақалари ва бошқа турли тадбирлар ўтказилмоқда.
– Спорт мусобақаларини ўтказишдан кўзланган мақсад, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини улуғлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишдир. Қолаверса, спорт тадбирлари орқали ёшлар қалбида улуғ аждодларимиз, тарихимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров.
Андижон шаҳар 2-сон спорт мактабида ўтказилган стол тенниси ва шашка мусобақаларининг туман, шаҳар босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Андижон давлат чет тиллари институти спорт залида эса, ўқувчилар ўртасида баскетболнинг 3х3 тури бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Мусобақаларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари жамоалари иштирок этиб, маҳорат ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди.
[gallery-27681]
Андижон давлат техника институти мини футбол майдонларида умумтаълим мактаблари ўқувчилари жамоалари ўртасида мини футбол мусобақалар бўлиб ўтди. Ўйинлар муросасиз баҳслар, қизиқарли ва юқори кўтаринкилик билан ўтди. Волейбол бўйича ўғил болалар ўртасидаги беллашувлар Андижон давлат тиббиёт институти, қизлар ўртасидаги мусобақалар эса институт қошидаги академик лицей спорт залида ташкил этилди.
Қизлар ва ўғил болалар ўртасидаги енгил атлетика мусобақалари Андижон шаҳридаги Халқлар дўстлиги стадионида ўтказилди. Мусобақаларда мактабларда таҳсил олаётган вилоятнинг энг кучли енгил атлетикачилари қатнашиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида ёш авлод ўртасида иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида 11 – 13 ёшли ўқувчилар ўртасида шахмат мусобақа ўтказилди.
Мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари муносиб рағбатлантирилди, ташкилотчилар томонидан, диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.