Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди
13:59 / 2025-07-28

Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” учун маҳалла жамоалари ўртасида ўтказилган футбол мусобақасининг вилоят босқичи якунига етди.

Андижон шаҳридаги “Бобур арена” ўйингоҳида ўтказилган футбол мусобақасининг финал ўйинида Андижон шаҳрининг Гумбаз ҳамда Олтинкўл туманининг Миробод маҳаллалари жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. 

Қизиқарли ўтган учрашувда Миробод жамоаси рақибини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мусобақа вилоят босқичи ғолиблигини ҳамда республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. 

Мазкур мусобақада Балиқчи тумани Гузар маҳалласи жамоаси Марҳамат тумани Бозорбоши маҳалласи жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, учинчи ўринга сазовор бўлди.

[gallery-24491]

Ўйиндан сўнг мусобақа, шунингдек, қизлар ва ўғил болалар ўртасида мини футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” учун  ўтказилган мини футбол мусобақаларининг ғолиб ҳамда совриндорлари тантанали равишда тақдирланди. 

Минглаб футбол ишқибозлари, кенг жамоатчилик вакиллари, юртимизнинг таниқли футболчилари иштирокида ўтказилган тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов чиройли ва юқори кўтаринкилик билан ўтган мусобақаларнинг ғолиб ҳамда совриндорларини муборакбод этди. 

Қизлар ўртасидаги мини футбол мусобақасида Избоскан тумани жамоаси биринчи, Улуғнор тумани жамоаси иккинчи, Қўрғонтепа тумани жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди. 

Ўғил болалар ўртасида мини футбол мусобақасида эса Олтинкўл тумани жамоаси биринчи, Андижон ва Асака туманлари жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларга сазовор бўлди. 

Футбол, мини футбол бўйича ДХХ кубоги вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Тақдирлаш маросими доирасида концерт дастури намойиш этилди.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари