Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғолиб Пардаев: “UzHydroPower” заводи миллий ифтихоримизга айланмоқда
21:41 / 2025-08-21

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, улар орқали иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликка эришиш долзарб вазифалардан бирига айланди. Гидроэнергетика бу жараёнда асосий устувор йўналиш сифатида намоён бўлиб, сўнгги йилларда йирик лойиҳалар ва маҳаллий ишлаб чиқариш қадамлари билан ривожланиб бормоқда.

Шу жараённинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришда муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган “UzHydroPower” заводи юртимизда маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш ҳамда иқтисодий мустақилликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бугун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “UzHydroPower” қўшма корхонасида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда босма ва электрон нашрлар журналистлари, телевидение ҳамда радио муҳаррирлари иштирок этиб, завод фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Тадбир давомида меҳмонларга корхонанинг техник имкониятлари, маҳсулот турлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш жараёни ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мазкур қўшма корхона бош директори Ғолиб Пардаевнинг таъкидлашича, “UzHydroPower” – Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхона ҳисобланади. Заводда қуввати 1 кВт дан 40 МВт гача бўлган замонавий гидроагрегатлар, турбиналар, генераторлар, сув насос агрегатлари ва сув омборлари учун металл конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу йўналиш бўйича завод Марказий Осиёдаги ягона ишлаб чиқариш майдонларидан бири бўлиб, дунё миқёсида ҳам саноқли корхоналар қаторига киради.

[gallery-24878]

– Биз ишлаб чиқараётган гидроагрегат ва эҳтиёт қисмлар таркибининг камида 72 фоизи маҳаллий компонентлардан иборат. Бу нафақат импорт ўрнини босиш, балки ички бозор имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш ва янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, маҳсулотларимиз нархи хорижда ишлаб чиқарилган ўхшаш ускуналарга нисбатан анча арзон, келгуси йилларда эса экспорт географиясини ҳам кенгайтириш ниятимиз бор. Заводда 5 та ишлаб чиқариш цехи мавжуд бўлиб, 80 дан ортиқ замонавий ускуналар ўрнатилган. Ҳозирда 255 нафар мутахассис меҳнат қилаётган бўлса, яқин келажакда бу кўрсаткич 350 нафарга етказилиши режалаштирилган. Ишчи-ходимлар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилган, ётоқхона, ошхона, спорт майдончалари ва сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилган, –деди Ғ.Пардаев.

Эътиборлиси, “UzHydroPower”да ишлаб чиқарилаётган гидроагрегат ва эҳтиёт қисмлар нархи хориждаги ўхшаш ускуналарга нисбатан арзонлиги билан ажралиб туради. Хусусан, Хитой ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларидан 12 фоизга, Россия ишлаб чиқарувчиларидан эса 27 фоизга арзон. Корхона мутасаддиларининг маълум қилишича, 2026 йилдан бошлаб завод маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Заводда “устоз-шогирд” анъанаси асосида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. Ёш мутахассислар хорижда малака ошириш имкониятига эга. Шу боис, ишчи-ходимлар қўллаб-қувватлаш ва эътиборни ҳар қадамда ҳис этмоқда.

Айниқса, заводда хотин-қизлар ҳам масъулиятли вазифаларни бажараётгани диққатга сазовор. Биз билан суҳбат чоғида кран машинисти сифатида фаолият юритаётган Зуҳра Хайриддинова ўз таассуротларини баён этди.

– Бу ерда хотин-қизлар ҳам тенг меҳнат қила олиши, масъулиятли вазифаларни бажариши учун барча имкониятлар яратилган. Иш жараёнида аёлларга ишонч билдирилиши, уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга шароит яратилиши мени жуда қувонтиради. Жамоа ичида ҳам самимий ва ёрдамчи муҳит мавжуд, ҳамма бир-бирига суянч ва маслаҳатчи. Айниқса, иш жараёнида хавфсизлик талабларига қаттиқ эътибор берилиши биз ишчилар учун катта аҳамиятга эга. Чунки меҳнат хавфсизлиги таъминланган жойда одам ўз ишига ҳушёрлик билан ёндашади ва ўзига ишончи ошади. Шу боис мен бу ерда нафақат меҳнат қиламан, балки ўзимни ҳурмат қилинган жамоанинг аъзоси сифатида ҳис қиламан, –деди у.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасида 430 МВт қувват яратилди ва умумий қувват 2,3 ГВтга етказилди. “UzHydroPower” заводи томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар Қорақалпоғистон ва Сурхондарё вилоятларидаги бир қатор кичик ГЭСларда муваффақиятли ишга туширилган.

Ҳозирги кунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг йирик истиқболли лойиҳалари учун “UzHydroPower” заводида ускуналар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, Чотқол дарёсида барпо этилаётган Қуйи Чотқол ГЭС (90 МВт) ҳамда Норин дарёсида қурилаётган Норин ГЭСлар каскади (228 МВт) учун зарур жиҳозлар тайёрланиб, етказиб бериляпти.

Хулоса шуки, яқин истиқболда “UzHydroPower”нинг иш фаолияти Ўзбекистоннинг гидроэнергетика соҳасидаги етакчи мақомини мустаҳкамлаб, мамлакатимизни дунёда гидроагрегатлар ишлаб чиқарадиган асосий давлатлар қаторига қўшиши шубҳасиз. Бу эса бир вақтнинг ўзида ички бозор эҳтиёжини қондириш, қўшни мамлакатларга экспортни йўлга қўйиш, маҳаллий кадрларнинг салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш имкониятини ҳам беради. Корхона фаолияти орқали юртимизда энергетик барқарорликни таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий технологияларни жорий этиш жараёни изчил давом этмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА