Янгиер шаҳрида “Ёш китобхон” танлови ғолибларининг ота-оналарига Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.
Ушбу ҳужжатларда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази директорларининг имзолари ўрин олди.

Ташаккурномалар ғолибларнинг китобга муҳаббат қўйишида, муваффақиятга эришишида ота-оналарнинг намунаси ва тарбияси ҳал қилувчи аҳамият касб этгани учун тақдим этилди.

"Ёш китобхон" танловининг шаҳар босқичида 10–14 ёш тоифасида Фазилат маҳалласидан Беҳруз Абидов, 15–19 ёш тоифасида Бинокор маҳалласидан Мадина Мавлонова ҳамда 20–30 ёш тоифасида Наврўзобод маҳалласидан Ҳилола Дадабоева ғолиб деб топилган эди.

– Фарзанд ютуғи ҳамиша ота-она учун чексиз фахр туйғусини бағишлайди. Ёш китобхон танловида қўлга киритилган ғалабаси ортидан ташаккурнома билан тақдирланишимиз, бу туйғуни янада кучайтирди. Қолаверса, кўрсатилган эътибор ва эътироф оиламизга қувонч ва шодлик олиб келди. Энг муҳими, фарзандим китоб мутолааси орқали дунёқарашини кенгайтириб, мустақил фикрлай олишни ўрганди, – деди ғолиб Мадина Мавлонованинг отаси Баҳром Мирзаев.

Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ғолибларни муборакбод этиб, уларнинг республика босқичида ҳам муносиб натижалар кўрсатишига ишонч билдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири