Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғофуржон Мирзаев: "Баъзи жойларда кўчатлар номига экиб қўйилган"
14:14 / 2021-11-24

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 2 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, жойларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу барчани бирдек ташвишга солаётган иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, атрофни кўкаламзорлаштириш, энг асосийси, она табиатни асрашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

Сирдарё вилоятида ҳам мазкур тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Биргина Гулистон туманида жорий йил куз мавсумида 618 минг туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 377 мингдан ортиқ турли манзарали кўчатлар экилган.

Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев тумандаги “Сойибобод” ва “Мевазор” маҳаллаларида “Яшил Ўзбекистоним – боғ-у бўстоним” шиори остида ўтказилаётган кўчат экиш тадбирида қатнашди. Кўчат ўтқазиш давомида вилоят раҳбари нуронийлар билан суҳбатлашди.

– Баъзи жойларда кўчатлар номига экиб қўйилган, – деди вилоят раҳбари. – Ниҳолни бу тарзда экиш ярамайди. Қандай қилиб шу ҳолда кўчатларни кўкартириш мумкин. Бундай кўзбўямачиликларга барҳам беришда сиз ва биз ўрнак бўлишимиз лозим. Мораторийга қарамасдан дарахтларни кесиб, экишга келганда тебранмайдиган масъуллар ҳеч кимга керак эмас.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида нафақат маҳалла кўчаларига, балки, автомобиль йўли бўйларига, ижтимоий соҳа объектлари ва ташкилотлар ҳудудларига ҳам тартибли равишда кўчат ўтқазиш, бунда, аввало, уларни суғориш тизимини тўғри йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Жамоатчилик назорати ҳозирги ижтимоий тараққиётнинг муҳим тенденцияси. Боиси, жамоатчилик назоратининг самараси ижтимоий тармоқларда кўриняпти. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам доимий ва қатъий жамоатчилик назорати ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА