Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғофиржон Мирзаев: “Тадбиркорлик – тараққиёт локомотиви"
14:38 / 2021-04-16

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича биринчи ярим йилликда амалга ошириладиган ишлар бўйича тадбиркорлар ва жамоатчиликка мурожаат йўллади.

Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича биринчи ярим йилликда амалга оширилиши лозим бўлган энг асосий устувор вазифалар белгилаб берилди.

–Тадбиркорлик – бу, энг аввало, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришнинг асосий иқтисодий воситаси ва тараққиёт локомотиви ҳисобланади. Президентимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани бежизга эмас. Сабаби, мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ривожланган давлатлар сафидан жой олишида кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни ва роли ўта муҳимлигини барчамиз виждонан ҳис қилишимиз лозим, – дейди Ғ.Мирзаев ўз мурожаатида.

2020 йил вилоятда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари таъминланган. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 12 триллион 200 миллиард, саноат 7 триллион 600 миллиард, қишлоқ хўжалиги 8 триллион 700 миллиард, қурилиш ишлари 2 триллион 200 миллиард, хизматлар 3 триллион 200 миллиард сўмга бажарилган.

Янги тадбиркорликни ташкил этиш бўйича вилоятда жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 32 минг 863 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Жумладан, 18 минг 630 та кичик бизнес субъектлари ва 14 минг 105 та якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этади. Уларнинг 16 минг 890 таси ёки 51,4 фоизи сўнгги 3 йилда ташкил этилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 1 минг 557 та янги субъектлар ташкил этилган бўлса, иккинчи чоракда 1 минг 98 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши режалаштирилган.

– Минг афсуски, бугунги кунда 1 минг 106 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмаяпти, – деди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. 

– Шулардан, 863 таси 1 йилдан, 54 таси 2 йилдан, 4 таси 3 йилдан ва 191 таси 4 йилдан буён фаолият кўрсатмасдан келмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатган ҳолда уларнинг сонини 30 фоизга қисқартиришни мақсад қилганмиз.

Тижорат банклари томонидан биринчи чоракда 2 минг 496 та тадбиркорга барча манбалардан жами 1 триллион 180 миллиард сўм кредит ажратилган. Бу борадаги ишлар давом этади. Шунингдек, жорий йил якунига қадар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида жами 473 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиш белгиланган.

Бюджет тушумлари бўйича вилоятнинг йиллик умумий даромадлари режаси 866 миллиард 800 миллион сўмни ҳамда маҳаллий бюджет режаси 675 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этади. Биринчи чоракда белгиланган режа 211 миллиард 300 миллион сўмга бажарилди.  

Жорий йилнинг 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан бюджетга қўшимча тушум миқдорини 30 фоизга ошириш юзасидан берган топшириққа мувофиқ қўшимча тушум режаси 26 миллиард сўм қилиб қайта белгиланди. Йил якуни бўйича қўшимча, контингент режаси 866 миллиард 800 миллион сўм прогноз белгиланган бўлиб, режа 1 триллион сўмга ортиғи билан бажарилиши таъкидланди.

“Бандлик дастури ижроси ва янги иш ўринларини яратиш тўғрисида Президентимизга қилинган тақдимотга кўра, вилоятда 2021-2024 йилларда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 737 та лойиҳалар ишга туширилади. Бу 35 минг 820 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. 2021 йил дастурга асосан 15 минг 687 та янги иш ўрни яратилади”, – деди вилоят ҳокими ўз мурожаатида.

Ҳудудлардаги секторлар томонидан “Темир дафтар”га 1 минг 422, “Аёллар дафтари”га 23 минг 67 та, “Ёшлар дафтари”га 23 минг 320 фуқаро киритилди. Жорий йил якунига қадар вилоят бўйича ҳар учала дафтарда фақат 4 минг 287 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқаролардан ташқари барчасини дафтарлардан чиқарилиши белгиланган.

Вилоятдаги 8 та кичик саноат зоналарида 242 миллиард 800 миллион сўмлик 41 та лойиҳа жойлаштирилган. Шундан, 25 та қиймати 65 миллиард 100 миллион сўмлик лойиҳа ишга туширилди ва 305 та янги иш ўрни яратилди. Йил якунига қадар яна 177 миллиард 700 миллион сўмлик 16 та лойиҳа амалга оширилади, 587 та янги иш ўрни яратилади.

2021 йилда 4 та ҳудудда 16,9 гектарда янги “Кичик саноат зоналари” ташкил этилади ва бу зоналарга 76 та лотга 195 миллиард 600 миллион сўмлик 30 та лойиҳа жойлаштириш, 450 та иш ўрни яратиш белгиланди.

– Янги ташкил этилаётган 4 та кичик саноат зонасида инфратузилмалари учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 8 миллиард 800 миллион сўм маблағ талаб этилади. Ушбу маблағлар ҳисобига 3,4 километр электр-энергия, 4,1 километр йўл, 8,3 километр газ, 2,1 километр ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари амалга оширилади. Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзлар бериш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунда, “Оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш дастури доирасида вилоятга 473 миллиард сўмлик имтиёзли кредит, яъни 14 фоизлик, 3 йилга 6 ойлик имтиёзли давр учун маблағ ажратиш кўзда тутилди, деди Ғ.Мирзаев.

Шунингдек, Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 13 апрелдаги ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан ўтган йиғилишида бир қатор имтиёзлар ва субсидиялар бериш бўйича топшириқлар белгилаб берилди ва бу бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, вилоятда биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғини тўлашдан озод этилди. “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёзлар берилади. Ходимларни сонининг камида 70 фоизи “Ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.

Бундан ташқари, ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидия маблағлари, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 50 фоизгача қисми қоплаб берилади. Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия ажратилади.

“Ёшлар дафтари”га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат ташкилотларда ўқиш харажатининг бир қисми қопланади.

Сессия якунида маҳаллий кенгаш депутатлари мурожаат юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА