Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғўбдиндаги “Янги Ўзбекистон” массиви
14:17 / 2023-06-20

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони асосида Самарқанд вилоятининг Ургут ва Булунғур туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилмоқда.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида 2022 йилда бошланган ишлар айни пайтда ҳам қизғин давом этмоқда.  

– “Янги Ўзбекистон” массивлари аввалдан турар жой ёки бошқа объектлар бўлган жойларда эмас, очиқ майдонларда бутунлай янгидан, замонавий лойиҳалар асосида қурилмоқда, – дейди Булунғур тумани ҳокими ўринбосари Норбўта Санақулов. – Массивлар асосан, аҳоли истиқомат қилиши учун ташкил этилмоқда ва бу масканларда уй-жойлардан ташқари, мактаб, боғча, спорт ва маданият муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари бўлади. Марказлашган ичимлик сув, оқова тармоқлари ва бошқа зарур коммуникация тизимлари яратилади. Бир сўз билан айтганда, номига муносиб тарзда шаҳарча кўринишидаги кўркам турар жой мажмуаси бунёд этилади.

Бизнинг туманимизда ҳам М-37 йўли ёқасида, Ғўбдин маҳалласи ҳудудидан 24 гектар очиқ ер майдони ажратилиб, ўтган йил қурилиш ишлари бошланган эди. Бу ерда шу пайтгача умуман, уй-жой ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари бўлмаган. Фақатгина, икки йил олдин учта, кўп қаватли уй қурилиб, аҳолига топширилган эди. Эндиликда ушбу маскан мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлардан иборат шаҳарча бўлади.  

Фармон асосида мазкур массивда 2022-2024 йилларда 1160 хонадонли 58 кўп қаватли уй, иккита умумтаълим мактаби, учта мактабгача таълим ташкилоти, 8 спорт ва соғломлаштириш маркази, шунингдек, оилавий поликлиника, маҳалла маркази, ИИБ таянч пункти, маданият уйи, ёшлар маркази, IТ-парк, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши кўзда тутилган. Ўтган йил массив бош режасига асосан ҳар бири 20 хонадондан иборат 18 беш қаватли уй қурилиши бошланган эди. Уларнинг аксариятида ишлар якунига етмоқда. Жорий йилда эса 25 уй қурилиши бошланди.  

Шунингдек, ичимлик сув, табиий газ тармоғи тортилди. Айни пайтда массив учун оқова тизими яратиш ва тармоқ тортиш ишлари олиб борилмоқда. Уйлар қурилиши якунига етиши билан йўл ва бошқа коммуникация тизимлари яратиш ишлари бошланади.

– “Янги Ўзбекистон” массивида ўтган йил 20 хонадонли битта беш қаватли уй қурган эдик, – дейди “Меъмор” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Сайфиддин Тўраев. – Бу йил эса яна учта шундай уй қуришни зиммамизга олганмиз. Ҳозирда учта уйда ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда. Октябрь ойига қадар хонадонларни фойдаланишга топшириш белгиланган. Икки ва уч хонадонли бу уйларнинг биринчи қаватида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлади.  

[gallery-12401]

Бош режага кўра, уйларни иситиш тизими ҳам марказлашган ҳолда амалга оширилади. Яъни беш-олтита уй учун алоҳида иситиш тизими бўлади. Тендер танлови асосида бу вазифани амалга оширадиган қурилиш ташкилоти ҳам аниқланиб, ишларга киришилди. Янги тартибга кўра, массивдаги кўп қаватли уйларнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Шунингдек, уйларнинг ярим ер тўласидан самарали фойдаланиш мақсадида турар жойга мўлжалланмоқда. Бу хонадонлар ҳокимлик томонидан уй-жойга муҳтож фуқароларга берилиши кўзда тутилган.

Мутасаддиларнинг айтишича, массивдаги кўп қаватли уйларнинг бир қисми жорий йил сентябрь ойигача, қолгани йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.  

Ғолиб Ҳасанов,

Алишер Исроилов, ЎзА