Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Глобал хавфсизликка хавф солаётган иллат... 
19:48 / 2022-10-05

Одам савдоси жинояти халқаро миқёсдаги глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу иллат нафақат одам савдосидан жабрланган шахслар, балки уларнинг оиласи, айниқса фарзандлари учун, жамият ҳам учун оғир оқибатларни келтириб чиқарувчи хавфли иллатдир.

Энг ёмони, одам савдоси айримлар учун катта даромад манбаи ва бу даромадлар глобал хавфсизликка таҳдид солишга хизмат қилаётгани ачинарлидир.

Тошкентда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро давра суҳбатида шу ҳақда гап борди.

Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Норбоева бошқарган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди. Бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.

– Одам савдоси жинояти трансмиллий характерга эга бўлиб, бир ҳудудда, мамлакатда бошланиб, бошқасида давом этади ва учинчи давлатда бошқача тусга кириб, глобал хавфсизликка хавф солмоқда, – деди Т.Норбоева. – Бундай шароитда таҳдидларга қарши курашишда миллий, минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш зарур. Биз бу йўналишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, "Winrock International" нодавлат ташкилоти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бормоқдамиз. Натижада турли хавф-хатарларга, шу жумладан, одам савдосига қарши курашиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўналишида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Бу каби иллатларнинг оқибатлари билан эмас, балки уни келтириб чиқарувчи омиллар билан курашиш принципига ўтилганлиги бугун ўз самарасини бермоқда.

Соҳага оид миллий қонунчилик такомиллаштирилди, халқаро нормалар қонунчиликка имплементация қилинди. Хусусан, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди. Одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни миллий даражада идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди. Одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Қатор халқаро конвенциялар ратификация қилинди. Умуман олганда, охирги уч йилда қирққа яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси устидан парламент назорати ўрнатилди.

2019 йилдан бошлаб Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси самарали фаолият юритиб келмоқда. Миллий комиссияга раислик қилиш Олий Мажлис Сенати раисига юклатилгани ушбу масалага катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

Таъкидланганидек, АҚШ Давлат департаментининг дунёда одам савдоси тўғрисидаги сўнгги ҳисоботларида Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида юқори натижаларга эришгани эвазига, алоҳида кузатув остидаги давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Ўзбекистон халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар рўйхатига киритилди.

Шу йил 28 сентябрда АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан эълон қилинган «Болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари» тўғрисидаги йиллик ҳисоботда Ўзбекистон Республикасининг позицияси энг юқори – «муҳим ўзгаришларни амалга оширган давлатлар» қаторига киритилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон 131 давлат ичидан энг юқори кўрсатгичга эга бўлган 9 давлатдан бири бўлди.

Одам савдосига қарши курашиш, ушбу жиноятдан жабрланганларни ҳар томонлама ҳимоя қилишда «Истиқболли авлод» нодавлат нотижорат ташкилоти фаол иш олиб бораётган эътироф этилди. 2021 йилда ташкилот томонидан 2 минг 652 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, хорижий давлатларда қийин аҳволга тушиб қолган 197 нафар фуқарони Ватанга қайтаришда ҳамда 81 нафар фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Одам савдосига қарши курашишда, соҳага халқаро стандартларни жорий этишда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан самарали ҳамкорлик қилинмоқда.

ЕХҲТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили В.Ричи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Сенат раиси соҳада чуқур тадқиқотларни олиб бориш ва хулосалар ишлаб чиқиш, одам савдосига қарши курашишда тадбирларни давлат томонидан молиялаштиришни кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди. Ушбу иллатга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, халқаро ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ. Миллий комиссия қошида одам савдосига қарши курашиш бўйича жамоатчилик фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан иборат экспертлар гуруҳини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Тадбирда одам савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзбекистонлик мигрантлар бўлган давлатларнинг парламентлари, ҳукуматлари, тегишли идоралари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишиб олинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА