Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида 20 июнь куни Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ижроия кенгаш аъзолари, шу жумладан, ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов, ташкилотга қабул қилинган таълим муассасалари вакиллари, халқаро эксперт ва мутахассислар қатнашди.

Жаҳонда рўй бераётган геосиёсий ўзгаришлар фонида глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ташкилотга аъзо таълим муассасалари ўртасида ишончли ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларнинг мақбул ечимларини ишлаб чиқиш йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди.
Сўзга чиққанлар дунёнинг турли бурчакларида зиддиятлар авж олаётган, терроризм, экстремизм, диний радикализм, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа трансмиллий хавф-хатарлар таъсири кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ўзаро мулоқот форматини кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Йиғилишда INTERPAнинг устувор мақсад ва тамойилларини амалга ошириш йўлидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўтган давр мобайнида биргаликда эришилган натижалар, келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон, Шимолий Македония, Индонезия, Саудия Арабистони, Қатар, Мальдив ва бошқа давлатлар таълим муассасалари раҳбарларининг чиқишлари тингланди. Муҳокама қилинган масалалар бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.
Глобал масалаларда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, манфаатли келишувларни ҳаётга татбиқ этиш орқали мавжуд имкониятларни кенгайтириш, таълим соҳасида ўзаро интеграцияни кучайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди.

Жамшид Холов,
ИИВ академияси Ахборот хизмати