Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари: Ўзбекистон – 2030 стратегияси” IV халқаро форуми ўтказилмоқда
17:39 / 2025-10-23

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келтирилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, халқаро ва миллий экспертларнинг илмий-амалий тажриба алмашинуви платформасини яратиш ҳамда натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари: Ўзбекистон – 2030 стратегияси” IV халқаро форуми ўтказилмоқда.

Халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази каби қатор ташкилотлар мутасаддилари қатнашмоқда.

Форум очилиш маросимида нутқ сўзлаган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков халқаро тадбир иштирокчиларига муваффақият тилаб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш мамлакатнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганини қайд этди.

– Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ амалга оширилишини мунтазам таҳлил қилиб, натижаларни жамоатчиликка етказиб боради. Бу борада Марказимизнинг БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориши Стратегияни глобал барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғун равишда баҳолаш имкони бермоқда. Шу билан бирга, Марказ экспертлари томонидан Стратегияни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган тизимли муаммолар илмий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилаётган амалий таклифлар давлат дастурлари ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда, – деди Элдор Туляков.

23-24 октябрь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтаётган мазкур форум дастуридан қатор тадбирлар, хусусан, 4 та илмий-амалий конференция ва талабалар фестивали ўрин олган.

Тадбирларда макроиқтисодий барқарорлик, яшил иқтисодиётда меҳнат бозори, экотуризм, яшил инновациялар, шунингдек пул-кредит сиёсати, инвестицион жозибадорликни ошириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш каби масалалар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, бизнес аналитика, рақамли ҳукумат ва иқтисодий жараёнларни математик моделлаштириш каби соҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро форумда АҚШ, Буюк Британия, Япония, Индонезия, Франция, Малайзия, Миср, БАА, Хитой, Покистон, Латвия, Нигерия, Россия, Ҳиндистон, Руминия, Полша, Қозоғистон, Қирғизистон, Германия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Эрон, Австрия, Тожикистон каби давлатлардан 30 дан ортиқ хорижий профессор ва олимлар маърузалари билан иштирок этмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотига кўра, форумнинг иккинчи кунида академик фаолият, илмий тадқиқот, халқаро ҳамкорлик йўналишларидаги сўнгги тенденциялар, саноат трендлари, банк-молия, давлат хизмати, корпоратив бошқарув каби соҳаларнинг раҳбарлари ва амалиётчилари иштирокида илмий-амалий семинарлар ўтказилади.

А.РУСТАМОВ, ЎзА