Юқори даражадаги “Глобал тезлаткич” (“Глобал Акселератор”) миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида делегация вакиллари ва Ўзбекистон ҳукумати иштирокида “Иш ўринлари яратиш ва адолатли ўтиш учун умумий ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Глобал тезлаткич” дастурини амалга ошириш доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган устувор масалаларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган “Глобал тезлаткич”ни амалда ошириш бўйича миллий йўл харитасини ишлаб чиқиш режалари ҳақида сўз борди.

Ўзбекистонда “Глобал тезлаткич”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг асосий йўналишларини шакллантириш ва татбиқ қилишни молиялаштиришнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, дастур доирасида давлатлар ҳамда бошқа хорижий мамлакатлар ва ташкилотларнинг ўзаро тажриба алмашишига кўмаклашиш мақсадида 2025 йилда Самарқанд шаҳрида “Ижтимоий ҳимояни барқарор ривожлантириш ва тенглик сари йўл” мавзусида конференция ташкил этилиши кўзда тутилгани қайд этилди.
Иш ўринлари яратиш ва адолатли ўтиш учун умумий ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Глобал тезлаткич” дастурини амалга ошириш бўйича миллий “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда асосий йўналишлар сифатида иш ўринларини яратиш бўйича мувофиқлаштирилган меҳнат бозори ва ижтимоий ҳимоя чораларини белгилаш назарда тутилган.
Ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож бўлган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар ва уларни парваришлашда банд бўлган шахслар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш ва уларни ривожлантириш ҳам “Йўл харитаси”дан ўрин олган.
Бу соҳада замонавий стандартларни татбиқ этиш ва мониторинг тизимини жорий қилиш, норасмий иқтисодиётни расмийлаштириш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш (бунда ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун инклюзив таълим муҳити ва меҳнат бозорига киришда адолатли шароитлар яратиш), ижтимоий соҳани молиялаштириш тизимини такомиллаштириш кабилар ҳам эътибордан четда қолмайди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг минтақавий бюроси директори вазифасини бажарувчи Михаил Пушкин ўз нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган “Глобал тезлаткич”га ҳисса қўшиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни олқишлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ХМТ кўмаги билан БМТ Бош котибининг “глобал тезлаткич” ташаббусини қўллашда биринчи мамлакат сифатида қайд этилганини алоҳида эътироф этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан маслаҳатлашувларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Маълумот учун, “Иш ўринлари яратиш ва адолатли ўтиш учун умумий ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Глобал тезлаткич” дастури – БМТ Бош котибининг 2021 йил сентябрь ойида бошланган ташаббуси бўлиб, мамлакатларга кўплаб инқирозларни енгиш, ижтимоий ривожланиш ва яшил иқтисодиётга сармоя киритиш орқали иқтисодий тикланишни тезлаштиришга ёрдам беради.
Н.Абдураимова, ЎзА