Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Глобал таълим маконида Ўзбекистон: янги босқич сари дадил қадам
13:59 / 2025-11-13

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни ратификация қилиш маъқулланди.

Бугунги кунда олий таълим мамлакатларнинг рақобатбардошлигини шакллантириш, билимга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда давлатнинг глобал илмий ҳамжамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги кенг кўламли ва дадил ислоҳотлари мамлакатнинг халқаро академик маконда янада фаол, нуфузли ва интеграциялашган иштирокчи бўлишга интилаётганини яққол кўрсатади.

Шу маънода, Олий таълим бўйича малакаларни тан олишга доир глобал конвенцияга қўшилиш фақат юридик интеграция эмас, балки мамлакат келажагига қаратилган стратегик сармоядир. Конвенция академик малакаларнинг давлатлараро тан олиниши учун умумий тамойилларни белгилайди, бу эса тан олиш жараёнларида шаффофлик, ишонч ва барқарорликни кучайтиради. Натижада Ўзбекистонда таълим олган битирувчиларнинг хорижда ўқиш ва ишлаш имкониятлари янада ошади. Шу билан бирга, Конвенция хорижий талабалар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларни мамлакатимиз олий таълим муассасаларига жалб этиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Бундай академик ва илмий мобиллик бир ёқлама “миянинг тарк кетиши” эмас, балки интеллектуал салоҳиятнинг соғлом айланишини таъминлайди. Бу ёшларга халқаро тажриба тўплаш имконини яратади, шу билан бирга юртга қайтиб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш йўлларини мустаҳкамлайди. Конвенция олий таълим тизимларида сифатни таъминлаш механизмларини ҳам кучайтиради, натижада Ўзбекистон университетлари ўзаро рақобат муҳитида академик стандартларни юксалтириш, халқаро эътироф, аккредитация ва илмий ҳамкорликларни кенгайтиришга ундайди.

Бундан ташқари, халқаро академик алмашинувнинг кенгайиши университетларимизда интеллектуал муҳитни бойитади, инновация ва тадбиркорликни ривожлантиради ҳамда Ўзбекистоннинг билимга асосланган рақобатбардош иқтисодиётга ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлайди. Конвенция олий таълимни модернизация қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва глобал рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича миллий стратегиямизга тўлиқ мос келади.

Мазкур конвенцияда иштирок этиш Ўзбекистон учун муҳим стратегик имкониятдир. У инсон капиталини ривожлантириш, халқаро илмий-академик ҳамкорликни чуқурлаштириш, дунёдаги таълим маконида мамлакатимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда глобаллашган оламда самарали фаолият юрита оладиган янги авлодни тайёрлашга хизмат қилади. Ушбу механизмда фаол иштирок этиш мамлакатимизнинг замонавий ва рақобатбардош олий таълим экотизимини барпо этишда муҳим қадамдир.

Чидем ТУРКЙИЛМАЗ,

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори.

ЎзА