Глобал тадбиркорлик ҳафталиги
Глобал тадбиркорлик тармоғи (Global Entrepreneurship Network – GEN) бутун дунё бўйлаб тадбиркорликнинг ягона глобал экотизимини яратишга йўналтирилган тармоқлар, дастур ва ташаббусларнинг йиллик платформасидир.
Глобал тадбиркорлик тармоғи (Global Entrepreneurship Network – GEN) бутун дунё бўйлаб тадбиркорликнинг ягона глобал экотизимини яратишга йўналтирилган тармоқлар, дастур ва ташаббусларнинг йиллик платформасидир.
Бугунги кунда 25 мингга яқин ҳамкори бўлган ушбу ташкилот 160 давлатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тадбиркорлик экотизимини яратиш ва ривожлантиришга кўмак бериш бўйича фаолият олиб бормоқда.
18 ноябрь куни пойтахтимизда бошланган анъанавий Глобал тадбиркорлик ҳафталиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ўрганинг! Синаб кўринг! Ривожлантиринг!” шиори остида ташкил этилди.
Глобал тадбиркорлик ҳафталигининг биринчи кунидаги илк мунозара “2030 – Олий таълимни ривожлантириш концепцияси: ҳукумат ва бизнес ўртасидаги ўзаро алоқалар учун имкониятлар” мавзуида бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси олий таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхонов, Тошкентдаги Вестминстер университети ректори К.Каримов, GENнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ҳ.Абдураҳмонов, korzinka.uz асосчиси З.Ҳошимов иштирок этди.
Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Ушбу ҳужжат келгуси ўн йилликда олий таълим соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, камида 10 та ОТМни дунёдаги мингта энг яхши олий таълим муассасаси рўйхатига, шунингдек, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 талик рўйхатга киритиш каби вазифаларни кўзда тутади.
– Сўнгги уч йилда мамлакатимизда 37 та, хусусан, 2019 йилда саккизта олий таълим муассасаси ташкил этилди, – деди Ўзбекистон Республикаси олий таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхонов. – Келаси йили хусусий сектор иштирокида 5 та нодавлат олий таълим муассасаси очилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 25 олий ўқув юрти ўзини ўзи молиялаштиришга ўтади. Барча хизматларни аутсорсинг асосида ташкил қилиш йўлга қўйилмоқда. Бу ҳам олий таълим тизими учун янгилик бўлиб, тадбиркорларга кенг имконият дегани.
Жаҳон иқтисодий форуми тадқиқотига кўра, келажакда талабалар, ёш мутахассислар сунъий интеллект билан алмаштириб бўлмайдиган ақлий, эркин ва танқидий фикрлаш, гуруҳларда ишлаш қобилияти, ахборот технологияларини пухта билиши, мослашувчанлик, мунтазам ўрганиб бориш кўникмаларига эга бўлиши керак.
korzinka.uz асосчиси З.Ҳошимовнинг таъкидлашича, ёш мутахассисга жамоада ўз ўрнини топиш ва ўзаро ҳурмат асосида муносабатга киришишни ўзида жамловчи ижтимоий малака зарур. Яна бир муҳим кўникма – бу фикрлаш малакаси бўлиб, улар 3 та жиҳатни ўз ичига олади. Булар танқидий фикр юритиш, ижодий фикрлаш, трансфер, яъни бир соҳадаги илмини иккинчи янги соҳага кўчира олиш ва тадқиқ қилиш қобилиятидир. Буларнинг барчаси иқтисодда ҳам, илм-фанда ҳам ҳақиқий инновациянинг асоси бўлади.
Блогер, олий таълим соҳаси эксперти Х.Худойбердиев ҳам мамлакатимизда олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси бўйича ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Концепцияда замонавий таълимда ишлатиладиган жуда кўплаб хорижий атамалар киритилган, – деди эксперт. – Масалан, ЎзМУ ва СамДУни юртимиз олий таълим муассасалари байроқдорига айлантириш. Бу хужжат устида ишлаган мутахассислар замонавий дунёқараш билан ҳисоблашганини кўрсатади. Концепция ютуқларидан бири унда нодавлат таълим ҳақида алоҳида банд мавжудлигидир. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларига академик мустақиллик бериш ҳам кўзда тутилган.
Мунозара доирасида Тошкент тадбиркорлик ва амалий менежмент институтини ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари бозорининг эҳтиёжига қаратилган бўлиб, ўзбек брендига эга тадбиркорлик олий ўқув юртини яратиш ғоясини ўз ичига олади. Лойиҳага кўра, ҳар йили 500 га яқин талабани тадбиркорлик ва амалий менежмент соҳалари бўйича
ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўқитиш имконияти туғилади.
Глобал тадбиркорлик ҳафталигининг биринчи куни доирасида ўз-ўзининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини легаллаштириш, стартаплар экотизимини ривожлантириш мавзулари бўйича семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ҳафталик 24 ноябргача давом этади. Унинг доирасида тадбиркорлар, молия институтлари, бизнес уюшмалар, ишбилармонлар, талаба-мутахассислар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокида бизнес-форум, муҳокамалар, онлайн мулоқотлар, B2B форматдаги учрашувлар, мулоқотлар, тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.