Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Глобал оламдаги фундаментал ўзгаришлар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар илгари сурилди
14:22 / 2023-10-10

Биз жаҳон миқёсида қатор мамлакатларнинг ўзаро муносабатлари ўта кескинлашган, глобал муаммолар юзасидан қарашлар, шу билан бирга, сиёсий, иқтисодий манфаатлар тўқнашуви авж олган бир даврни бошимиздан ўтказяпмиз. Бу борадаги муаммолар, глобал ўзгаришларга ижобий ечим топиш жуда долзарб масала ҳисобланади. Албатта, бу бўйича сиёсатчилар, олимлар томонидан турли фикрлар, қарашлар билдирилмоқда.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “ишонч инқирози” амал қилаётган ҳамда геосиёсий қарама-қаршиликлар, минтақавий муаммолар, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги оғишлар, савдо-иқтисодий муносабатлардаги ишончсизлик каби масалалар ҳукм сурган замонда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик омилларини илмий асосга қўйиш мамлакат ва минтақаларни бирлаштирувчи асосий тамойиллардан бири ҳисобланади, деган фикрлари муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, башарият тақдири ва уни ўзгартириш, тараққий эттириш билан боғлиқ масалалар ҳам очиқ қолаётган айни кунда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатларни жипслаштирувчи, тараққийпарвар тамойилларнинг нечоғли устувор эканлиги ва ҳамжиҳатлик асосида, аниқ ишларни амалга ошириш вақти етганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар эътиборга молик эканлиги қайд этилди. 

Ўзбекистонда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” ғояси остида ҳуқуқий, дунёвий, ижтимоий тенглик тамойилларига асосланган ижтимоий ҳимоя дастурлари, ижтимоий институтлар ва уларнинг фаолият кўлами, яъни ижтимоий муҳофаза функцияларининг кенг қамровлилиги билан боғлиқ адолатли жамият концепцияси амалиётга жорий этилганлиги айтилди. Ўзбекистон иқтисодиёти геосиёсий инқирозларга қарамай, жадаллик билан илгарилаб бормоқда. Барқарор ўсиш суръатлари, ялпи ички маҳсулотнинг 1,5 баробарга ортгани 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 2 баробарга ортишидан дарак беради. Бу мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш жараёни тизимли ёндашув асосида олиб борилаётганлигини кўрсатади. 

Президентимиз нутқида таъкидланганидай, “Жаҳон савдо ташкилоти”га тўлақонли аъзо бўлиш орқали иқтисодий очиқликка эришиш ва глобал иқтисодиёт, саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларида Ўзбекистоннинг улуши, сезиларли даражага кўтарилишга имкон яратади. 

2023 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунида белгиланган инсон ҳуқуқлари кафолати, сўз, виждон эркинлиги каби умуминсоний категориялар ҳуқуқий асосига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Ўзбекистон тараққиёти стратегиясида 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган, бу БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” тамойилига мос бўлиб, унинг асосий босқичида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиб бериш давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди. Бу борадаги ишлар, яъни инсон капиталини ривожлантириш, ёш авлодни тарбиялаш масаласи Ўзбекистоннинг бош мақсади эканлиги маърузада таъкидлаб ўтилди. 

Юртбошимиз, шунингдек, БМТ бош котиби томонидан “иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя акселератори” борасида илгари сурилган ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистонда 2024 йилда “Ижтимоий ҳимоя – барқарор тараққиёт сари йўл” номли бутунжаҳон конференциясини ўтказиш режалаштирилаётганлигини баён этди. Бу борада Ўзбекистон Республикасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси ишлаб чиқилган бўлиб, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Камбағалликнинг икки баробарга камайганлиги, 2030 йилга қадар яна етти баробарга камайтирилиши, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий хизматлар кенгайиб бораётганлиги, шунингдек, сифатли таълим – камбағаллик ва иқтисодий қарамликдан чиқишнинг бош йўли эканлиги давлатимиз раҳбарининг маърузасида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бу борада, мактаб таълими 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълим 9 фоиздан 38 фоизга ортганлиги, 2030 йилга бориб эса ҳар бир бола боғчада, ҳар икки битирувчининг бири эса олий ўқув юртларида ўқиши таъминланиши ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий исботи сифатида эътироф этилди.

Президентимиз ёшлар сиёсатига алоҳида урғу берар экан, аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиёда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди. Ушбу ғояни минтақа ёшларини ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар узвийлигини таъминлашга қаратилган илк сиёсий қадам деб айтиш мумкин. Зеро, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Ёшларга оид давлат сиёсати” тўғрисидаги қонун ва бошқа қатор фармон, қарор ва меъёрий ҳужжатлар ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал-ижодий салоҳиятини камол топтириш борасида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз ўз маърузасида хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ўрни ва фаол иштироки уларнинг ҳуқуқий ҳимояси, тинч ва осойишта ҳаётни таъминловчи бош мезон эканлиги, шу маънода БМТнинг хотин-қизлар тузилмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Осиё хотин-қизлари” форумини ўтказиш таклифини илгари сурганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган минтақада динлараро мулоқот ва бағрикенглик марказларини ташкил этиш, бу борада юртимизда 2024 йилда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифи ҳамда “Марказий Осиё иқлим мулоқоти” фаолиятини йўлга қўйишнинг зарурий омиллари, шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик, ҳамжиҳатлик” резолюциясининг илгари сурилиши, унинг асосий мазмуни эса Самарқандда бўлиб ўтадиган “Халқаро иқлим” форумида муҳокама этилиши билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан билдирилган ташаббус, фикр ва мулоҳазалар жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридаги тарихий аҳамиятга эга бўлган нутқи биз – зиёлилар қалбига фахр-ифтихор туйғуларини солиш билан бирга, Президентимиз айтиб ўтган йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишда янада фаол бўлишга ундайди.

Лолахон Қурбонова,
Андижон давлат университети
сиртқи бўлими бошлиғи, профессор

ЎзА