2023 йилда ўз мамлакатида қуролли можаролар ва табиий офатлар туфайли яшаб турган жойларини тарк этиб хавфсиз ҳудудларга кўчишга мажбур бўлганлар сони дунё бўйича рекорд даражага чиқиб, жами 75,9 миллион кишига етди. Ички кўчишни мониторинг қилиш маркази (IDMC) сайтида эълон қилинган маърузада ушбу рақам келтирилган.
“Суданда, Фаластинда ва бошқа мамлакатларда кечаётган қуролли можаролар ҳамда зўровонликлар натижасида ўз юртида кўчманчига айланган одамлар сони 2023 йилда дунё бўйича 75,9 миллион кишига етди, бу янги рекорд деганидир. Жами қочқинларнинг 68,3 миллиони можаролар ва зўровонликлар сабабли қадрдон уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, 7,7 миллион киши эса табиий офатлар туфайли дарбадар бўлишга мажбур бўлди. Ўз юртида дарбадар бўлганларнинг қарийб ярми, яъни, 46 фоизи Африка мамлакатларида Саҳрои кабир чўлининг жанубида яшайди”, - дейилади ҳужжатда.

Ташкилотнинг аниқлик киритишича, 2023 йилда Суданда бошқа жойга кўчганлар сони 9,1 миллион кишини ташкил этган. Бу 2008 йилдан буён бир мамлакатда рўй берган кўчишлар бўйича энг юқори кўрсаткич бўлган. IDMC маълумотига кўра, бу 2022 йилда Украинада кузатилган 16,9 миллион кишининг кўчишидан кейин қочқинлар сони бўйича иккинчи кўрсаткич бўлган. Шунингдек, маърузада келтирилишича, 2023 йилнинг сўнгги уч ойида Ғазо секторида рўй берган қуролли можаро туфайли 3,4 миллион киши уйларини тарк этиб, хавфсиз минтақаларга кўчишга мажбур бўлган. Бу рақам бир йил ичида бутун дунёда қуролли можаролар туфайли бошқа жойга кўчганларнинг жами сонининг 17 фоизини ташкил этар экан.
“Сўнгги икки йилда можаролар ва зўровонилклар сабабли ўз уйларини тарк этган одамлар сонининг хавотирли ошиб боришига гувоҳ бўлмоқдамиз. Кўчишлар ҳатто, вазият бироз яхшиланган ҳудудларда ҳам тўхтамаяпти.

Можаролар ва вайронагарчиликлар қолдираётган кулфатлар узоқ йиллар мобайнида миллионлаб одамларнинг ўз ҳаётини йўлга қўйишига тўсқинлик қилмоқда. Сўнгги беш йилда можаролар ва зўровонликлар натижасида ўз юртида бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлганлар сони 22,6 миллион киши ёки 49 фоизга ошган. Айниқса, қочқинлар сонининг сезиларли ўсиши 2022 ва 2023 йилларда содир бўлди”, - дея келтирилади IDMC директори Александр Билакнинг сўзлари.
Сал аввалроқ БМТ ҳузуридаги Миграция бўйича халқаро ташкилот (МОМ) ҳам дунё бўйича мигрантлар сони 281 миллион кишидан ошганини, уларнинг 117 миллиони можаролар, зўровонликлар ва табиий офатлар туфайли бошқа жойга кўчиб ўтишга мажбур бўлган одамлар экани, ҳақида маълумот берганди.
Юқорида келтирилган рақамларни таҳлил қилар экансиз, дунёда ҳеч бир нарса тинч ва осойишталикнинг ўрнини босолмаслиги барчага аён бўлмоқда.
С.Раҳимов,
ЎзА