Европа об-ҳавошунослари Гренландиянинг марказий қисмида охирги йигирма йилда XX аср билан солиштирганда ҳарорат 1,5 даража кўтарилганини аниқлашди. Бу оролдаги барча музли қалпоқлар эришининг тезлашаётганини билдиради, дейилади Германиянинг Альфред Вегенер (AWI) институти матбуот хизмати тарқатган хабарда.
"Биз Гренландиянинг марказий ва шимолий ҳудудларида сўнгги минг йилликдаги иқлим ўзгаришини кузатдик. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2001-2010 йиллардаги ҳароратнинг кўтарилиши минг йилликнинг аввалги табиий жараёнидан кескин фарқ қилади. Бизни ҳайратга солган нарса шу бўлдики, кўп ўзгаришлар глобал исиш оқибатлари билан боғлиқ", - дейди AWI илмий ходими Мария Хоерхолд.
Хоерхолд ва унинг ҳамкасблари глобал исиш сўнгги ўн йилликларда Гренландия музлигининг энг совуқ ҳудудларигача таъсир кўрсатаётганига дастлабки далилларни аниқлашди. Олимлар Гренландиянинг 16 та турли нуқталаридан муз намуналарини ўрганиб, шундай хулосага келишганини айтишмоқда.
Глобал исишнинг дастлабки қурбонлари сифатида Ернинг қутб минтақалари ҳамда тоғлардаги музликлар тилга олинмоқда. Ушбу ҳудудларда ҳарорат ўтган асрга қараганда 4-9 даража кўтарилган, натижада Антарктида ва Арктика музликларининг ҳудуди тобора қисқариб бормоқда.