Инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири глобал иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган қурғоқчилик, чўлланиш ва деградация масалаларидир. Йилдан-йилга ёғингарчиликнинг камайиб бораётганлиги қурғоқчиликнинг давомий бўлишига, табиий ўсимликларнинг қуришига ва чўлланиш жараёнларининг тезлашишига олиб келмоқда. Ушбу ҳолатлар эса мамлакат иқтисодиётига, жумладан, қишлоқ хўжалигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмоқда.
Куни кеча Тошкентда ўтказилган “Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, уларни бозор активига айлантириш ҳамда яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш” мавзусидаги давра суҳбати ушбу муаммонинг ечимини излашга бағишланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ташкил этилди, дея хабар беради Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати.
Қайд этиш жоизки, ФАО Глобал экологик жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш орқали яйловларни барқарор бошқариш, экотизимни сақлаш, ерларнинг деградацияси, қурғоқчилик ва шўрланишга қарши курашишга катта ҳисса қўшмоқда. Бу “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш”, “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури” ҳамда “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаларидир.
Лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларини амалга оширишга ҳисса қўшади.
Ҳозирги кунда республикамизда 21,1 миллион гектардан зиёд яйлов мавжуд, улар чорвачилик, ипакчилик, асаларичилик каби қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Лекин яйловлардан фойдаланиш бўйича амалдаги тартиб-қоидалар уларни асраш, биохилма-хилликни таъминлаш, уруғчилик хўжаликларини ташкил қилиш, аграр тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳсулот етиштириш учун талаб даражасида эмаслиги боис, янги таҳрирда "Яйловлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ҳамда яйлов майдонларини ижарага бериш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад кенг жамоатчиликнинг, хусусан, олимлар ва мутахассисларнинг эътиборини яйловларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда барқарор бошқариш билан боғлиқ долзарб муаммолар, уларнинг самарали ечими бўйича ислоҳотларни белгилаб олишга қаратилган.
Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфида жами 17,4 миллион гектар яйлов ер майдонлари мавжуд.
2018-2022 йилларда “Ўздаверлойиҳа” институти томонидан 10 миллион гектар яйловда геоботаник тадқиқот ўтказилган бўлиб, шундан 640 минг гектар яйловнинг турли даражада деградацияга учраганлиги аниқланган.
Деградациянинг асосий сабаблари яйловларда алмашлаб боқишни ташкил этилмаганлиги, юкламанинг кўпайиб кетиши, инфратузилма объектларининг ишдан чиққанлиги, ўсимликлар уруғчилиги етарли даражада ташкил қилинмаганлиги, қурғоқчил мавсумларнинг давомийлиги ҳисобланади.
Тадбирда яйловлар деградациясига қарши курашиш борасида барча кучларни ягона мақсад сари бирлаштириш орқали дунёнинг илғор давлатлари тажрибаларини, янги замонавий инновацион технологияларни соҳага жорий этиш, яйловлардан илмий асосланган ҳолда оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил қилиш ҳақида сўз борди.
Давра суҳбати илғор тажрибалар ва илмий янгиликлар асосида яйловлар деградациясига қарши курашишда муҳим қадам бўлиб, келажакда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини юмшатишга қаратилган барқарор ривожланиш йўлида аниқ стратегик мақсадларни белгилаб олишга хизмат қилади.
ЎзА