Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Глобал форумда Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифлар муҳокама қилинади
16:22 / 2022-12-01

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда қайд этилишича, 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади.    

Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.    

Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишланади. Мазкур Декларация 2011 йил декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган.    

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия барча инсонлар, айниқса, ёшларни кенг қамраб оладиган ҳаётий жараён ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларация ана шу эзгу мақсадларни глобал кўламда амалга оширишга қаратилган.  

Шу мақсад йўлида – 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини ҳам эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг бажарилишини мувофиқлаштириб бормоқда.  

–  Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир, – дейди Ғ.Мирзаев. – Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар учта босқичда бажарилди ва 2024 йилга қадар давом этадиган тўртинчи босқич изчиллик билан амалга оширилмоқда. «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинади.    

Самарқанд Глобал форумининг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат. Шунингдек, айни соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикрлар алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш белгиланган.    

Глобал форум БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилади. Бу, албатта, бутун дунёдан янада кенг аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради.    

Глобал форумга тайёргарлик доирасида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” туркумида бир қанча китоблар нашр этилди. Ушбу янги нашрлар тадбир иштирокчиларига тақдим этилади.  

 

М.Қосимова,  

ЎзА