Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Глобал экологик жамғарма иштирокида “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорда Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳасини молиялаштириш учун 5 йил муддатга 5 992 661 АҚШ доллари миқдорида грант ажратиши кўрсатиб ўтилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Лойиҳани амалга ошириш учун умумий ижрочи ва техник ёрдам кўрсатувчи, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эса масъул ижро этувчи орган сифатида фаолият кўрсатиши белгиланган.
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади.
Бунинг учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:
тадбирларни режалаштириш, мувофиқлаштириш, бошқариш, уларни амалга ошириш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, баҳолаш ва ҳисоботлар тайёрлаш;
йўналтириладиган грантнинг мақсадли ва тизимли сарфланишини назорат қилиш, шунингдек, сарфланган ҳамда ўзлаштирилган маблағлар тўғрисида ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш;
амалга оширилган ишлар, сарфланган ва ўзлаштирилган маблағлар тўғрисида ҳисоботлар ҳамда эришилган натижалар юзасидан маълумотларни ҳар чоракда ўзининг расмий веб-сайтида ёритиб бориш орқали Лойиҳанинг амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш.
Қарорга мувофиқ, лойиҳа 2024 - 2028 йилларда амалга оширилади.
ЎзА