Сўнгги йилларда Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик механизми шакллантирилди. Истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2018 йилдан буён Халқаро истеъмолчилар ташкилоти — Consumers Internationalнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Бу эса мамлакатимизнинг Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудида истеъмолчилар ҳаракати соҳасидаги нуфузи ва мавқеини яққол намоён этмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, Consumers International томонидан 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган Global Congress халқаро анжуманини Ўзбекистонда ташкил этиш таклифи билдирилган эди. Ушбу таклиф масъул вазирлик ва идоралар томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, тадбирни мамлакатимизда ўтказиш ташаббуси расман қўллаб-қувватланди.
Мазкур масала юзасидан бугун дастлабки онлайн ишчи учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Consumers International бош директори Helena Leurent, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов, шунингдек, мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этди. Онлайн мулоқот давомида нуфузли халқаро тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ва амалий масалалар муҳокама қилинди.

Global Congress анжуманини ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий жараёнлар учун Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ташкилот этиб белгиланди.
Маълумот учун, Consumers International дунё бўйлаб 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритувчи 200 дан зиёд истеъмолчилар ташкилотини бирлаштиради. Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Global Congress халқаро анжуманида истеъмолчилар ташкилотлари раҳбарлари, давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, академик доиралар, хусусий сектор ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этади.

Ушбу нуфузли халқаро тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасига халқаро ҳамжамиятнинг юксак ишончи ифодаси бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада кенгайтириш, халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқликни намоён этиш ҳамда янги стратегик ҳамкорликларни йўлга қўйиш учун муҳим имконият яратади.

ЎзА