Яқинда анъанавий “Global Atomic Quiz 2023” халқаро онлайн викторинаси ўтказилди. Унда ёш тадқиқотчилар, талабалар ва мактаб ўқувчилари ўз билим ва имкониятларини синаб кўришга муваффақ бўлди.
Ушбу викторина натижаларига кўра, беш нафар ўзбекистонлик 60 дан ортиқ мамлакатдан қатнашган 10 000 нафар иштирокчи орасида энг яхшиларига айланди. Шунингдек, улар қаторида Aрманистон, Бангладеш, Венгрия, Миср, Мьянма, Россия, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлардан қатнашган иштирокчилар ҳам кирди.
Таъкидлаш керакки, “Global Atomic Quiz 2023” ядро физикаси асосларини очиб берувчи, атом технологиялари ва энергиясининг инсон кундалик ҳаётидаги аҳамияти ҳамда сайёрамиз ҳаётини сақлаб қолишдаги роли ҳақида маълумот етказадиган Росатомнинг глобал таълим лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа 2020 йилдан буён амалга оширилиб келмоқда. Тўрт йил давомида у 70 дан ортиқ мамлакатдан 40 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирди. Викторина иштирокчиларининг географик кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу йил викторинада мьянмалик талабалар ва мактаб ўқувчилари, шунингдек, Aфрика давлатларидан ёшлар биринчи марта иштирок этди. Ўзбекистон 2021 йилдан буён мазкур халқаро викторинада иштирок этиб келмоқда.

“Ўзатом” агентлиги ва AТAМ матбуот хизмати раҳбари Гулрухсор Равшанованинг қайд этишича, онлайн форматдан ташқари, викторина 17 хил халқаро майдонларда, жумладан, Москвадаги “Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси” (“ХХЮК”)да жойлашган янги “Aтом” павильони, Aтом технологиялари ахборот марказлари ҳамда дунёдаги кўплаб мактаблар ва университетларда ҳам фаол тарзда ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистонда “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги Aтом технологиялари ахборот марказида “Global Atomic Quiz 2023” офлайн форматда ўтказилди. Бунда Бангладеш, Беларусь, Венгрия, Миср, Қозоғистон, Россия, Мьянма, Туркия ва Ўзбекистондан жами 800 га яқин талаба ва мактаб ўқувчилари қатнашди.
–10 ноябрь – Бутунжаҳон илм-фан куни муносаби билан ташкил этилган ушбу викторинада иштирокчилар фан ва техника соҳасидаги турли мураккабликдаги мавзуларга оид 20 та саволга жавоб берди. Масалан, инсон юраги ва AЭС ўртасида қандай умумийлик бор? Гулхан ва ядровий реактор ўртасидачи? Шимолий қутбга қандай бориш мумкин? Марсоход қандай қилиб кечаси исийди? Бу йилнинг ўзига хос хусусияти шундаки, биринчи марта нейрон тармоқлардан фойдаланган ҳолда баъзи саволлар тайёрланди. Бундан ташқари, тадбир меҳмонлари илк бор халқаро телеконференция орқали бошқа шаҳар ва мамлакатлардан бўлган иштирокчилар билан мулоқот қилиш ва ўз билимларини биргаликда синаб кўриш имконига эга бўлди. Биз ушбу глобал ташаббусда кетма-кет учинчи йил иштирок этмоқдамиз. Шуни таъкидлашни истардимки, бу нафақат илмий-оммабоп викторина, балки инсоният фаровонлиги йўлида атом фани, янги технологиялар ва сифатли таълимни ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи фаол ёшлар ва экспертларнинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш учун ноёб имкониятдир. Биз мунтазам равишда турли форматдаги тадбирларни ўтказамиз ва ёшлар ўртасида энергетика ҳамда бошқа турли соҳаларда қўлланиладиган атом технологияларига қизиқиши ортиб бораётганини қайд этишимиз лозим. Марказимизнинг кўплаб ёш меҳмонлари атом технологиялари олами билан яқиндан танишиб олгач, илм-фан ва муҳандислик йўналишини танлашмоқда. Бундай викториналар ҳар бир хоҳловчиларга атом технологиялари ва унинг ечимлари оламига яқинроқ бўлиш имконини беради, –деди Г. Равшанова.
Аҳамиятлиси, бу йилги викторинада энг кўп балл тўплаган 100 нафар иштирокчи ғолиб, деб топилди. Улар орасида ўзбекистонлик беш нафар иштирокчининг борлиги янада қувонарлидир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА