Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғиждувонийнинг халқаро мавқеи
12:35 / 2022-01-26

Туркиянинг Малатия шаҳридаги Инону (İnönü) давлат университетида “Тасаввуф ва Абдулхолиқ Ғиждувоний” мавзуига бағишланган I халқаро симпозиуми бўлиб ўтди.

Ўнга яқин мамлакатлар олимлари иштирокидаги анжуман Туркиядаги Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуф тадқиқотлари маркази, Инону университети томонидан Малатия ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Анжуман аввалида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Эрдўғаннинг симпозиум қатнашчиларига табриги ўқиб эшиттирилди. Дарвоқе, анжуманнинг Малатия шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Мазкур маскан ўзининг бой тарихи давомида кўплаб мутафаккиру мутасаввифларнинг ҳаётлари туташ чорраҳа сифатида ҳаммага маълум. Ибн Арабий, Садриддин Кўнявий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Шайх Ҳамидий Валий, Ниёзий Мисрийлар шу шаҳарда яшаб, инсон моҳияти, эзгулик ва адолат ғояларига йўғрилган қимматли асарларини яратган. Бу битиклар туркий халқлар учун улкан маънавий мерос ҳисобланади.  

Бу улуғ зотлар сафида тилга олишимиз шарт бўлган яна бир аллома борки, бу Абдулжамил имомдир. У тақдир тақозоси ила Бухоро воҳасининг Ғиждувон қўрғонини манзил айлаган. Худди шу ерда дунёга келган фарзанди кейинчалик Абдулхолиқ Ғиждувоний номи билан улкан пир бўлиб етишади. У хожагон-нақшбандия таълимотининг асосчисидир. 

Анжуманда Инону университети ректори, профессор Аҳмад Қизилой, мазкур дорилфунун профессори Мустафо Миқотий, АҚШ Миннесота Ислом университети ректори, профессор Валид Менеесе, Ливандаги Триполи университети ректори, профессор Раафет Микатий, Ғозий университети ректори, профессор Муса Йилдиз, Истанбул университети ректори, профессор Маҳмуд Оқ, Яман Технология университети доценти Мунир ал-Ибодий ва бошқаларнинг маърузалари тингланди. Нотиқлар ўз чиқишларида Абдулхолиқ Ғиждувоний асарларида тассаввуф, яъни инсоннинг руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари интилиши ҳақидаги таълимот бугунги глобаллашув даврида ҳам тарбиявий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгалиги, шу боис, унга ислом оламида қизиқиш тобора ошаётганини таъкидлади. 

Шу нуқтаи назардан, хожагон-нақшбандия таълимотига мансуб Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва мероси ҳақидаги тадқиқот ҳамда асарларни хорижий тилларга ўгириш жуда муҳим. Бу жиҳатдан, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Раҳимов томонидан яратилган етти пир ҳақидаги рисолалар яқинда турк тилида муаллиф томонидан таржима қилиниб, Анқарада чоп этилгани диққатга сазовор. У анжуманда “Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома” асари” мавзуидаги маърузасини ҳам турк тилида ўқиди.  

Шунингдек, симпозиумда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари доктори Нодирхон Ҳасан, Ғиждувоний туманидаги Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний жоме масжиди имом-хатиби Ориф Амонов, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдулғафур Раззоқ Бухорийларнинг мавзуга оид чиқишлари тингланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ректори Музаффар Комилов, таниқли олим ва таржимон Сайфиддин Сайфуллоҳ,  “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири Султонмурод Олим ҳам ZOOM орқали ўз маърузалари билан қатнашди.  
Олимлар тасаввуфшунослик, манбашунослик йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар юзасидан тажрибаларини гапириб берди. Айни пайтда уларда хорижлик ҳамкасбларининг Марказий Осиё тарихидан ўрин олган хожагон-нақшбандия таълимоти вакилларининг илмий меросини ўрганиш борасидаги изланишлари алоҳида қизиқиш уйғотди. 

Мулоқотларда илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш борасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда анъанавий мақомга эга бўлган симпозиумнинг навбатдагисини 2022 йилда Бухорода ўтказиш таклифи ўртага ташланди. Бундан ташқари, Туркия қўлёзма фондларида хожагон-нақшбандия пирлари билан боғлиқ қўлёзмаларнинг каталогини яратиш, факсимиль нусхаларини чоп қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Малатия вилояти Доранда ва Ғиждувон шаҳарлари ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш ҳақида келишиб олинди. 
Анжуман қатнашчилари учун Туркия “Адолат ва тараққиёт” партияси раисининг муовини Ўзнур Чалик, Малатия вилояти ҳокими Айдин Баруш томонидан расмий қабул уюштирилди. 

              Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА