Бугунги кунда давлатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга оид қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ҳукумат қарорлари, берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шарт-шароитлар бунга мисол.
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани марказидан йигирма километр узоқликда жойлашган “Барака” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида “Кўчманчилар ороли” номи остида янги дам олиш экомаскани бунёд этилди. Эндиликда мазкур туристик зона хорижлик меҳмонларни кутиб олишга тайёр.



Ғиждувонлик тадбиркор Иқлима Жўраева туманнинг 30 гектар очиқ ер майдонида 1 миллиард сўм ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг 31 минг АҚШ доллари эвазига экомасканни барпо этди. Мазкур чўл зонасида 40 мингга яқин турли кўчатлар экилди. Дам олувчилар учун бу ерда юрталар ўрнатилиб, жиҳозланган ва барча шароитлар яратилди.
Масканда туя, от, туяқуш, паррандалар ва турли хил қушлардан иборат ҳайвонот оламини мужассам этган боғ мавжуд. Бу эса ўз навбатида чўл ҳудудидаги жониворлар ҳақида ташриф буюрган сайёҳлар учун анча қизиқарли. Шунингдек масканга келувчилар туя ва отда саёҳат, камондан ўқ отиш, шўркўл каналида балиқ овлаш, шифобахш туя сути ва табиий маҳсулотлардан баҳраманд бўлишлари мумкин



–Туғилган юртимни севганим сабаб шу жойнинг гуллаб-яшнашига куч-қувватим борича ҳаракат қилиб келяпман, токи Бухорони дунё билсин, танисин, – дейди Иқлима Жўраева. – Бу каби экомасканларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Чунки келадиган сайёҳлар шаҳар шовқинидан ташқарироқда дам олишга истак билдирмоқда. Шунинг учун мазкур дам олиш масканини барпо этишга қарор қилдим. Ўйлайманки, у барча келувчи меҳмонларимизга манзур бўлади.
Дарҳақиқат, экомаскан маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун энг севимли дам олиш жойларидан бирига айланади.
Очилиш маросимида Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров қатнашди.


Зариф КОМИЛОВ, ЎзА