Бухоро вилояти Ғиждувон тумани спорт мактабига қарашли ёпиқ сузиш ҳавзаси ёнида, бўш турган ерда Шарқ яккакурашларига ихтисослашган спорт зали фойдаланишга топширилди.
Енгил конструкцияли, 15 метрга 30 метр ҳажмда бунёд қилинган яккакураш зали қурилиши учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
Ушбу спорт залида бир пайтда спортнинг эркин кураш, юнон-рум кураши, дзю-до турлари бўйича 70 нафар спортчи машғулотларга қатнаш имконига эга. Бир кунда ёпиқ спорт иншооти 200 дан зиёд спортсеварни ўз бағрига олиши имконига эга. Ёш спортсеварлар учун бунда 6 нафар мураббий жалб қилинган.
Замонавий типда бунёд қилинган мазкур иншоотни фойдаланишга топшириш маросимида сўзга чиққанлар, қадимий қадриятларимиз, хусусан, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз бўлган кураш, жозибадор дзю-до каби спорт турларини оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитишда ўз ўрнига эга бўлишини таъкидлади.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.