French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғиждувонда замонавий мактаблар ўқувчиларга ўз эшикларини очди
17:11 / 2025-09-02

Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан Бухоро вилояти Ғиждувон туманида янгидан қуриб битказилган ва мукаммал таъмирдан чиқарилган учта замонавий умумий ўрта таълим мактаби фойдаланишга топширилди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар жамоатчилик вакиллари, ота-оналарни қўшалоқ шодиёна билан қизғин қутлади ва бу таълим даргоҳлари ўқувчилари эртасига қатъий ишонч билдирди.

Дастлаб “Тодон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 69-сонли, 330 ўринли замонавий таълим даргоҳи фойдаланишга топширилди. Инвестиция дастури асосида қурилган мазкур таълим маскани учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Янги бинода ўқувчиларнинг билим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. 

Шунингдек, туманда Инвестиция дастури доирасида “Биёсин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 19-сонли умумтаълим мактаби учун 6 миллиард 480 миллион сўм маблағ эвазига 540 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Муҳими, эндиликда мазкур таълим даргоҳи ўқувчи қуввати 624 та ўриндан 1 164 та ўринга етказилиб, фарзандларимизга замонавий ва қулай шарт-шароитда таълим олиш имконини яратди. Бу ёшларимиз учун сифатли таълим, ёрқин келажак ва улкан имкониятдир.

“Ўзанон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 39-сонли умумий ўрта таълим  мактаби ҳам жорий йил бошидан инвестиция дастурига киритилиб, унда моддий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига 300 ўринли қўшимча замонавий бино барпо этилди.

Шу кунга қадар 634 ўқувчи ўрнига эга бўлган мактабнинг қуввати эндиликда 934 ўқувчи ўрнига етказилди. Ўқувчилар кенг, қулай ва замонавий шарт-шароитда, эмин-эркин таълим олиш имконига эга бўлмоқда. 

Эндиликда мактабларда таълим жараёни тўлиқ бир сменада йўлга қўйилиб, ҳар бир ўқувчига ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, билим олиш, юқори самарадорликка эришиш имконини беради.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.