Бухоро вилояти Ғиждувон туманида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморларни қўллаб-қувватлаш ва уларни замонавий гемодиализ хизматлари билан таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Туманда аҳолининг гемодиализ хизматига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиши мақсадида замонавий гемодиализ бўлими ташкил этилди. Бўлим халқаро стандартларга жавоб берадиган, юқори технологияли 5 та тиббий аппарат билан жиҳозланди. Мазкур бўлим ишга туширилиши билан беморлар энди вилоят марказига ёки шаҳарлараро тиббиёт масканларига қатнаб овора бўлишлари, моддий сарф-харажатга қолишлари олди олинди. Албатта, бу уларнинг вақт ва маблағини тежаш, муҳими, саломатликларини шу ҳудудида тиклашга имкон бермоқда. Шу билан бирга, даволаниш жараёнида беморлар зарур дори-дармон билан бепул таъминланмоқда.
Гемодиализ бўлими очилишида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, тиббиёт бирлашмаси масъуллари йиғилди. Туман ҳокими Фарҳод Умаров тадбирда тиббиёт бирлашмаси жамоаси, врач-шифокорларни самимий табриклади. Улар фидойилиги ва беморлар саломатлигини таъминлашдаги меҳнатини юқори баҳолади.

Келгусида ҳудудда гемодиализ хизматларини ривожлантириш, тиббиёт бирлашмаси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг соғлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.