Куни кеча Ғиждувон туманида жойлашган Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати спорт залида белбоғли кураш бўйича Бухоро вилояти очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада 2008-2012 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар иштирок этиб, Қашқадарё, Навоий ҳамда Бухоро вилоятларидан келган 200 нафардан ортиқ ёш полвонлар ғалаба учун беллашди.

Чемпионат Бухоро вилоят спорт бошқармаси, Ғиждувон туман олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати ҳамда Белбоғли кураш федерацияси Бухоро вилояти бўлими ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди.

Қизиқарли ва муросасиз беллашувлар натижасида Фирдавс Қиёмиддинов (32 кг, Бухоро), Ғолиб Ибрагимов (71 кг, Навоий), Шахризода Убайдуллаева (+52 кг, Қашқадарё) ва Кумуш Холмуродова (40 кг, Бухоро) ўз вазн тоифаларида чемпион бўлишга муваффақ бўлди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, чемпионат доирасида федерациянинг 2025 йилдаги фаолиятига бағишланган сарҳисоб тадбири ҳам ўтказилиб, ўтган йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Йил давомида энг яхши натижа кўрсатган спортчи ва мураббийлар муносиб рағбатлантирилди.

– Миллий спорт туримиз бўлган белбоғли курашни янада ривожлантириш асосий мақсадимиз, – дейди Белбоғли кураш федерациясининг Бухоро вилояти бўлими ижрочи директори Соҳибжон Қосимов. – Бу каби очиқ чемпионатлар нафақат ёшлар ўртасида спортни оммалаштиради, балки иқтидорли полвонларни саралаб олишга ҳам хизмат қилади. Олдинда халқаро мусобақалар бор, уларда вилоятимиз спортчилари мамлакат терма жамоаси сафида юртимиз шарафини ҳимоя қилишни мақсад қилган.
Ғиждувондаги ушбу чемпионат ёшлар учун ҳақиқий спорт байрамига айланиб, белбоғли курашга бўлган қизиқишни янада оширди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА