Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғиждувонда “яшил” энергетика лойиҳаси амалга оширилади
12:29 / 2026-02-13

Франциянинг қайта тикланувчи энергетика соҳасида етакчи компанияларидан бири – «Voltalia» бош директори ўринбосари Yoni Ammar бошчилигидаги делегация Бухоро шаҳрига келди.

Меҳмонлар Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Учрашувда таъкидланганидек, “Voltalia” компанияси қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш соҳасида катта тажрибага эга. Айни пайтда компания дунёнинг 20 та давлатида умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.

Маълумки, Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил ноябрь ойида Францияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида қатор стратегик келишувлар имзоланган эди. Ушбу келишувларга мувофиқ, “Voltalia” компанияси Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида умумий қуввати 400 МВт бўлган гибрид электр станцияси лойиҳасини амалга ошириши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида қуриладиган гибрид станциянинг умумий қиймати 400 миллион АҚШ долларини, қуввати эса 400 МВтни ташкил этади. Шунингдек, иккинчи йирик энергетика лойиҳаси ҳам режалаштирилган бўлиб, унинг умумий баҳоси 650 миллион АҚШ долларига тенг.

Келишувлар узоқ муддатли стратегик шерикликни назарда тутади. Хусусан, қуёш ва шамол электр станцияларидан ишлаб чиқариладиган энергияни сотиш муддати 25 йилга, энергияни сақлаш тизими бўйича шартномалар эса 15 йилга мўлжалланган. Бу шартномалар республика энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш, айниқса, истеъмол энг юқори чўққига чиққан даврларда ресурсларга бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим аҳамият касб этади.

Француз компанияси маълумотларига кўра, Артемисия кластери доирасида ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми Ўзбекистондаги 2,5 миллион аҳолининг истеъмол қилаётган энергия эҳтиёжига тенг бўлади. Бундан ташқари, мазкур “яшил” лойиҳа атмосферага ҳар йили тахминан 598 минг тонна карбонат ангидрид (CO₂) чиқарилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Режага кўра, қуёш энергияси станцияси ва энергияни сақлаш омбори қурилиши 2026 йилнинг биринчи чорагида, шамол электр станцияси қурилиши эса келгуси йилнинг учинчи чорагида бошланади.

Учрашувда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалалар, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири