Бугун ҳудудлар қиёфасини тубдан янгилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, улар учун керакли инфратузилмани яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туманларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур ҳужжатга кўра, юртимизнинг 16 та шаҳар ва тумани комплекс ривожлантирилиши белгиланди. Қувонарли жиҳати, ҳудудлар орасида тадбиркорлар ва ҳунармандлар юрти саналган Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ҳам бор. Шунга асосан туманда қарор доирасида 30 дан зиёд лойиҳа шакллантирилиб, бугунги кунда бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишларида ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида иккитадан “яшил майдон” ва жамоат парклари ташкил этилиши бўйича алоҳида топшириқ берилган эди. Шунга мувофиқ, Ғиждувон туманининг “Саидкент” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам қарийб бир километр масофада “Соҳилбўйи дам олиш маскани” барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бугун ушбу ҳудудда ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмга молиялаштирилган. Унда ўнга яқин тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, жами 100 нафарга яқин янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган.
Ғиждувон туманида Хожа Aбдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғунликда “Ғиждувон Қўрғони”ни қайта тиклаш орқали қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоронинг бир қисми сифатида очиқ осмон остидаги музей барпо қилишга қарор қилинган. Аниқроғи, “Қўрғон” ва “Чорсу” маҳалла фуқаролар йиғинлари негизида “Туризм маҳалласи”ни ташкил этиш ишлари кейинги йилларда жадал тус олиб, бу борада миллий анъаналарга хос лойиҳа тайёрланган.
– Тумандаги бунёдкорликлар аҳоли фаровон турмуш тарзи учун хизмат қилиши кўзда тутилган, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бобомурод Очилов. – Туманда юқори иқтисодий ўсишга туртки берувчи ижтимоий ва инфратузилма лойиҳалари учун 2025 йилда давлат бюджетида назарда тутилган маблағларни сарфланиши бўйича лойиҳа қиймати 70,0 миллиард сўм бўлган 9 та тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
[gallery-26665]
Халқаро экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти бошчилигида XIX асрга оид “Бозори қаймоқ”, “Болойи қассобон”, “Бобораҳимбой” масжидлари ва XVI асрга оид “Эски тош ҳаммом” каби қадимий иншоотлардаги қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари якунланиб, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташрифига тайёрланган.
Президентимизнинг Бухорога ташрифи чоғида берган асосий топшириқларидан бири бу 330 мингдан ошган аҳолига эга туманда тиббиёт сифатини халқаро андозаларга мослаштириш эди. Бу бўйича ҳам 8 қаватли 5 та кампусдан иборат янги бино қад ростлаётгани туман учун катта ютуқлардандир.
Айни кунда Ғиждувонда амалдаги ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга уларни ўз ҳаётидан мамнунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Асосийси, мамлакатимиздаги бу янгиланишлар туман аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, тинч ва осойишта юртга шукроналик ҳиссини янада оширмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири.