Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман(шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз бўйлаб 16 та шаҳар ва туманни комплекс ривожлантириш белгиланиб, уларда ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик-коммуникация, транспорт, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилди.
Мазкур ҳудудлар қаторида тадбиркорлар ва ҳунармандлар юрти сифатида ном қозонган, бой тарихий ва маданий меросга эга Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳам бор. Қарор ижросини таъминлаш доирасида туманда 30 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳалар шакллантирилиб, айни пайтда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ғиждувон туманида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғун ҳолда “Ғиждувон қўрғони”ни қайта тиклаш орқали қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоронинг ажралмас қисми сифатида очиқ осмон остидаги музей-мажмуа барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Аниқроғи, “Қўрғон” ва “Чорсу” маҳалла фуқаролар йиғинлари негизида туризм маҳалласини ташкил этиш бўйича ишлар кейинги йилларда изчиллик билан амалга оширилиб, миллий анъаналар, тарихий меъморчилик услублари ва замонавий инфратузилма уйғунлигини таъминловчи махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.

Туманнинг туристик салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида “Қўрғон” туризм маҳалласида кенг кўламли бунёдкорлик, реконструкция ва реставрация ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида вилоят туризм бошқармаси томонидан туман ҳокимлиги ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий мониторинг ва ўрганиш ишлари ташкил этилган.

Бугунги кунга келиб, маҳаллада газ таъминоти, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация каби асосий муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўлиқ янгиланиб, ички кўчаларга тош ётқизиш ишлари муваффақиятли якунланди. Қадимий дарвозалар қайта тикланиб, уларда якуний пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, қадимий деворлар, ҳунармандчилик маркази ва савдо-туризм инфратузилмаси объектлари реконструкция қилиниб, қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етказилмоқда.

Айни пайтда халқаро экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти бошчилигида XIX асрга оид “Бозори қаймоқ”, “Болойи қассобон”, “Бобораҳимбой” масжидлари, шунингдек XVI асрга мансуб “Эски тош ҳаммом” каби ноёб тарихий обидалардаги таъмирлаш, реставрация ва тиклаш ишлари тўлиқ якунланиб, улар маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий сайёҳлар ташрифи учун тайёр ҳолатга келтирилди.
Янги лойиҳалар Ғиждувон туманининг туристик жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва тараққиёт жараёнлари туман аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, тинч ва осойишта ҳаёт, фаровон турмуш учун шукроналик туйғуларини янада кучайтирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири