Президентимиз томонидан 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида таълим соҳасига катта эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, таълимга қаратилган ислоҳотлар ижросини амалга ошириш мақсадида барча жойларда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳам мазкур йўналишда ўқувчиларнинг ўқишга бўлган иштиёқини ҳисобга олган ҳолда танловлар ўтказиляпти.
Ғиждувон туманидаги барча мактабларда таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилар учун тумандаги энг зўр репетиторларда бепул ўқиш имкониятини яратиш мақсадида “Таълим гранти” танлови ўтказилди. Танловда 500 нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари қатнашди. Натижада ғолиб бўлган 400 нафар мактаб ўқувчилари бепул репетиторда ўқиш имкониятини қўлга киритди.
Пировардида, туман ҳокимлиги ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташаббуси билан танловда қатнашган барча билимга ташна ўқувчилар бепул ўқиш имкониятига эга бўлди.
Маълумот учун, Ғиждувон тумани ҳокимлигидан навбатдаги ташаббус “Таълим гранти” танлови эълон қилинган эди. Унда тумандаги умумтаълим мактабларининг 7-8-9-10-синф ўқувчилари қатнашди. Ғиждувон туманидаги барча умумтаълим муассасаларида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари жумладан, чин етим, ногирон, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳамда меҳрибонлик уйида тарбияланган, боқувчисини йўқотган 400 нафар ўқувчилар учун тумандаги энг зўр репетиторларда бепул ўқиш имконияти яратиб берилади.
Танлов физика, инглиз тили, математика, кимё, биология, тарих, она тили ва адабиёт фанларидан ўтказилди. Танловда юқори натижа кўрсатган ўқувчилар бепул таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА