French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ғиждувон тажрибаси” самара бермоқда
16:05 / 2025-07-18

Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Ғуломте” маҳалласида Муҳсин Умаров ўзига қарашли 40 сотихли ер майдонида “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан ажратилган 600 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига тўрт йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

Хусусан, мазкур ҳудудда турли тўй ва маросимларни ўтказиш учун замонавий шароитларга эга тантаналар мажмуаси барпо этилган. Шунингдек, бу ерда 50 ўринли оилавий боғча фаолият юритмоқда. Муассаса учун “Халқ банки” томонидан 50 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ҳозирда боғчада 6 нафар ходим доимий иш билан таъминланган. 

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида ажратилган 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ҳисобига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда бу фаолият орқали ёш мутахассислар ўз тенгдошларига хизмат кўрсатиб, ҳар бири ўртача 5-6 миллион сўм даромад топмоқда. Бу йўналиш маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Илгари ўз хонадонида тикувчилик билан шуғулланиб келган Гулбар Раҳматова ва Муаттар Рашидова ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан тикувчилик цехини ташкил қилди. Тикувчилик маҳсулотлари маҳаллий бозорларда харидоргир бўлиб, келгусида цех фаолиятини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Умуман, мазкур комплексдаги тадбиркорлик лойиҳалари натижасида нафақат аҳолининг бандлиги таъминланди, балки “Ғиждувон тажрибаси”нинг самарали жорий этилиши орқали барқарор даромад манбалари ҳам яратилди. Бу ўз навбатида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига замин бўлмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.