French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғиждувон тажрибаси амалда
15:38 / 2023-04-14

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида бир қатор топшириқлар берилган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов Ғиждувон тумани ҳокимлиги биносида туман ҳокими Шерзод Ашуров, туман Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари, малакали психологлар билан биргаликда маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган ёшлар билан учрашди.

Тадбирда ишга жойлашиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш, иш юритиш мақсадида техник жиҳозлар билан таъминлаш каби масалаларда кўмак истаб келган, ижтимоий эҳтиёжманд, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ёшларнинг муаммо ва таклифлари  тингланди. Тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларига таклифлар киритилди. Ҳар бир ёш билан суҳбат жараёнида ҳаёт йўлини топиши учун маслаҳатлар берилди. Чет тилларини, замонавий билимларни эгаллашлари учун йўл-йўриқ кўрсатилди.  

Қолаверса, 2 нафар ногиронлиги бор ёшларнинг истиқомат қиладиган манзилларига бориб, улар билан астойдил суҳбатлашилди. Эътибор рамзи сифатида китоблар туҳфа этилди.  

–Қизим туғма ногирон, – дейди С.Н нинг онаси А.С. хурсандчилигини изҳор қилиб. – Эшитмайди ва гапира олмайди. Бугун бу учрашувда қизим учун ёрдам сўраб келдим. Уйда аёллар сартарошхонаси очишни ният қилдик. Қизим бу ҳунарни ўрганган. Сартарошхона фаолияти учун керакли жиҳозлар олиш учун моддий ёрдамга эҳтиёжимиз бор. Бу борада албатта ёрдам берилишини айтишди. Ижобий ҳал бўлаётганидан хурсандман.  

Дарҳақиқат, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш уларга етарли шароит яратиб бериш, айниқса, жамиятнинг бир бўлаги бўлган имконияти чекланган инсонларнинг ўзларидан ҳам маълум соҳаларда етук кадр бўлиб етишишига, фаолият юритишига кўмак бериш Янги Ўзбекистон олдидаги бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.  

Зариф Комилов, ЎзА