Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ғиждувон шашлик” давлат рўйхатидан ўтказилди
12:06 / 2023-08-30

Бухоро вилояти адлия бошқармаси кўмаги билан “Ғиждувон шашлик” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Бухоро вилоятида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома унинг эгаси, яъни Ғиждувон туман ҳокимлигига гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради. 

Мазкур географик кўрсаткич гувоҳномаси вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Баҳронов томонидан давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами тадбирлари доирасида Ғиждувон тумани ҳокими Ш.Ашуровга топширилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида” ги қонунига кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилади. Унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.  

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.  

Муайян товарнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбуриятларни юкламайди. Географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА