Гиёҳвандлик ва психотроп дори воситаларининг айланмасига қарши курашиш борасида Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан жойларда тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, аниқланган маълумот бўйича Қибрай тумани “Маданият” МФЙда яшовчи 31 ёшли фуқаро ўзининг машинасида кетаётган вақтида тўхтатилиб кўздан кечирилган. Натижада машина салонидаги сумка ичида жами 134 та “тропикомид” ва 1 минг 666 дона “регапрен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу шахс тақиқланган дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсни дори воситалари билан таъминлаётган таъминотчи ҳам вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан ушланди.



Юнусобод тумани 11 мавзеда жойлашган МЧЖга қарашли дорихонада ишловчи 26 ёшли фуқаро М.Ш.нинг хонадони ва дорихонаси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Бу ерда тахминий баҳоси 25 миллион 740 минг сўмга тенг бўлган, 315 дона “регапен” 45 дона “зардекс”, 39 дона “мидакс” ва 4 дона “тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаётгани аниқланиб, ҳужжатлаштирилиб олинди. Бундан ташқари, Зангиота туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда 1999 йилда туғилган фуқаро А.С. (эркак) ва 36 ёшли Ш.И. (аёл) ҳам қора бозордаги нархи 21 миллион сўм бўлган жами 1 минг 368 дона турли ном ҳамда кўринишдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаётгани аниқланиб, ИИББ ходимлари томонидан қўлга олинди. Янгийўл шаҳрида ҳам ташкил этилган тезкор тадбир натижасида 32 ёшли фуқаро С.М. (Тошкент шаҳрида яшовчи)нинг қўлида бўлган сумка ичидан нархи 11 миллион сўмга тенг бўлган жами 1 минг 296 дона турли номдаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги фош этилиб, шахс процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан тергов ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА